
SpaceX асосчиси Илон Маск тарихда биринчи бўлиб бойлиги 600 миллиард доллардан ошган инсонга айланди. Бу ҳақда Forbes нашри хабар берди. Нашр маълумотларига кўра, бу натижа Маскни нафақат энг бой инсон, балки келажакдаги илк триллионер сифатида ҳам кўрсатмоқда.
Маълум қилинишича, декабрь ойи ўрталарида SpaceX компанияси бозорда $800 миллиардга баҳоланди. Солиштириш учун: август ойида компания қиймати $400 миллиард деб баҳоланган эди. Яъни, бир неча ой ичида SpaceX қиймати икки бараварга ошди. Forbes ва Bloomberg нашрлари бу баҳолаш SpaceX’нинг 2026 йилга режалаштирилган IPO’си олдидан амалга оширилганини таъкидламоқда. Агар у амалга ошса, бу тарихдаги энг йирик акциялар жойлаштиришларидан бири бўлиши мумкин.
SpaceX акцияларининг тахминан 42 фоизига эгалик қилувчи Илон Маск учун бу катта молиявий сакраш бўлди. Янги баҳолаш натижасида унинг бойлиги 168 миллиард долларга ошиб, жами 677 миллиард долларга етди. Фақатгина SpaceX’даги улушининг ўзи $336 миллиардга баҳоланмоқда.
Бундан ташқари, Маск Tesla компаниясининг 12 фоиз акцияларига эгалик қилади. Ушбу улушнинг қиймати $197 миллиард деб баҳоланмоқда. Шунингдек, унга тегишли xAI Holdings компанияси, яъни Grok чат-ботини ишлаб чиқаётган лойиҳа ҳам жадал ўсишда бўлиб, унинг қиймати $230 миллиардга етган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.