Замонавий иссиқхоналар кенгайиб озиқ-овқат таъминоти мустаҳкамланади

2026 йил 25 март куни қабул қилинган “Аҳолини куз-қиш мавсумларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан барқарор таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори мамлакатда агросаноат соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган муҳим қадамлардан бири бўлди. Ҳужжатга мувофиқ, 2026–2027 йилларда республика бўйлаб иссиқхона хўжаликларини кенгайтириш ва улар самарадорлигини ошириш бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичлар белгилаб олинди.
Жумладан, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида камида 940 гектар майдонда замонавий ва юқори технологияларга асосланган иссиқхона мажмуаларини барпо этиш режалаштирилмоқда. Бу нафақат ҳудудий иқтисодиётни жонлантиради, балки аҳолини янги иш ўринлари билан таъминлашда ҳам муҳим омил бўлади. Шу билан бирга, энергия тежамкор ва муқобил манбаларга асосланган иситиш тизимлари улушини камида 50 фоизга етказиш вазифаси ҳам қўйилган.
Қарор доирасида Сурхондарё вилоятида “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш кўзда тутилган. Ушбу ҳудудда фаолият юритувчи тадбиркорлар ва иссиқхона эгалари учун қатор енгиллик ва имтиёзлар тақдим этилади. Хусусан, ер участкалари электрон онлайн аукцион орқали ижарага берилганда, тадбиркорлар 5 йил давомида ижара тўловидан тўлиқ озод этилади.
Бундан ташқари, иссиқхоналарда суғориш ва технологик жараёнлар учун ишлатиладиган оқова ҳамда ерости сувлари учун тўловлардан 3 йил муддатга озод қилиш каби қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу эса ишлаб чиқариш харажатларини камайтириб, маҳсулот таннархини арзонлаштиришга хизмат қилади.
Айни пайтда, аномал совуқ об-ҳаво шароитларида экологик талабларга қатъий амал қилинган ҳолда, истисно тариқасида кўмир ёқишга ҳам рухсат берилиши белгиланди. Бу ечим фермерлар ва тадбиркорлар учун қиш фаслида узлуксиз ишлаш имкониятини таъминлайди.
Умуман олганда, мазкур кенг қамровли чора-тадбирлар иссиқхона хўжаликларини модернизация қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини ошириш ва аҳолини йил давомида сифатли озиқ-овқат билан барқарор таъминлашга хизмат қилади. Бу эса келажакда мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга замин яратади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!