
Давлат раҳбари катта орзу-умидлар билан келажак режаларини тузаётган ўғил-қизларга уларни амалга оширишда улкан куч-ғайрат, омад ва зафарлар тилади.
Президент Шавкат Мирзиёев «Сўнгги қўнғироқ» арафасида мактабларни битирувчи ўғил-қизларга табрик йўллади.
«Аввало, сиз, азизларни ҳаётингиздаги бугунги унутилмас қувончли воқеа – мактаб таълимини муваффақиятли тугатиб, етуклик шаҳодатномасини қабул қилиб олаётганингиз ва мустақил ҳаётга қадам қўяётганингиз билан самимий муборакбод этаман. Ушбу шукуҳли айёмда мамлакатимиздаги 10 мингдан зиёд мактабда меҳрибон устозлар, ҳурматли ота-оналар иштирокида “сўнгги қўнғироқ”лар жаранглаб, 450 минг нафардан ортиқ битирувчи ёшларимиз шаънига эзгу тилаклар билдирилмоқда. Барчамиз бу фикрларга чин дилдан қўшилган ҳолда, катта орзу-умидлар билан келажак режаларини тузаётган ўғил-қизларимизга уларни амалга оширишда улкан куч-ғайрат, омад ва зафарлар тилаймиз», дейилади табрик сўзида.
Қайд қилинишича, бу йил мактабларни 11 минг 500 нафардан зиёд ўқувчи олтин медал билан тугатади, 2 мингдан ортиғи кумуш медал олади.
«Келажагимиз эгалари бўлган навқирон авлодимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишда катта бунёдкор куч сифатида иштирок этиши учун зарур шароитларни яратиб бермоқдамиз. Жумладан, сизларнинг замонавий илм ва касб-ҳунарлар, она тили билан бирга хорижий тиллар, IT ва инновацион технологияларни, ижод ва тадбиркорлик соҳаларини пухта эгаллашингиз учун ҳозирги кунда 201 та олий ўқув юрти, 598 та техникум, кўплаб мономарказ ва технопарклар, кутубхоналар, маданият, санъат ва спорт муассасалари самарали фаолият кўрсатмоқда. Таълимнинг барча бўғинларида ўқув-тарбия ишларининг сифати ва натижадорлигини ошириш, битирувчи ёшларимизга танлов имкониятларини кенгайтириш учун янги-янги тизим ва дастурлар, электрон платформалар ишга туширилмоқда. Сизлар ана шундай беқиёс имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ёшлик фаслининг олтинга тенг ҳар бир дақиқасини қадрлаб, келгусида Ватанимиз мустақиллигини, эл-юртимиз манфаатларини барча соҳаларда дадил ҳимоя қиладиган етук кадрлар, онгли ва олижаноб инсонлар бўлиб, халқимизга сидқидилдан хизмат қиласиз, деб ишонаман», дейилади табрик сўзида.
Президент одамзот ҳаётда муносиб ўрин топиши, эл-юртнинг ҳурмати ва эътиборига сазовор бўлиши учун миллий ва умуминсоний қадриятларни эгаллаб, доимо олдинга интилиб яшаши, изланиш ва ўрганишдан асло тўхтамаслиги кераклигини таъкидлади.
«Ҳалол ва машаққатли меҳнат, илмга, касбга, ота-она ва оилага садоқат, ҳеч шубҳасиз, инсонни юксалтиради, унинг ҳаётини файзли ва чароғон этади. Айниқса, сизлар каби навқирон, азму шижоатли ёшларимизга шиддатли замондан ибрат олиб, ҳар куни бир натижага эришиб, иродангизни синовларда тоблаб, фақат ва фақат олдинга қараб бориш ярашади. Аминман, сизларнинг янги ғоя ва ташаббусларингиз, турли соҳалардаги ютуқларингиз Янги Ўзбекистонни янада қудратли этадиган моддий ва маънавий асосларни барпо этишга беқиёс ҳисса бўлиб қўшилади. Сизлардек ўз кучига ишонган, қатъиятли ёшлардан қадрдон мактабингиз, азиз устозларингиз ва ота-оналарингиз, бутун халқимиз фақат эзгу ишлар ва ёрқин натижалар кутади. Ана шундай юксак ишончга доимо муносиб бўлинг! Интилиш, изланиш ва янгилик яратишдан асло чарчаманг! Мустақил ҳаёт сари илк қадамларингиз қутлуғ бўлсин, азиз ўғил-қизларим!», дейилади табрик сўзида. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар