Тошкентда хусусий уйдаги фожиа: 6 киши ис газидан ҳалок бўлди

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида хусусий уйда содир бўлган фожиа оқибатида олти киши ҳаётдан кўз юмди. Яна икки нафар фуқаро оғир аҳволда шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 25 октябрь куни қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган хонадонда юз берган. Дастлабки текширувда уйнинг ертўласига ўрнатилган иситиш қозони хавфсизлик талабларига жавоб бермагани аниқланган. Шунингдек, газ тармоғига белгиланган тартибда техник шартларсиз уланилгани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси Жиноят кодексининг 116-, 257- ва 205-моддалари билан жиноят иши қўзғатган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.
Бош прокуратура фуқароларни газ ускуналари ва иситиш мосламаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилишга чақирди. Мутахассислар ускуналарни тўғри ўрнатиш ва уларнинг техник ҳолатини мунтазам текшириб туриш муҳимлигини таъкидламоқда.






























Изоҳлар 0
…