Боланинг оғзига мато тиққан боғча тақдири ҳал бўлмоқда

Тошкент шаҳрида тарбияланувчиларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари билан боғлиқ можаро марказига айланган Rayyan Kids Land хусусий боғчасининг лицензияси бекор қилиниши мумкин. Масъул идоралар муассаса фаолиятида қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилганини маълум қилди.
Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумотига кўра, текширувлар давомида нодавлат таълим ташкилоти лицензия шартларини олтита ҳолат бўйича бузгани аниқланган. Улар орасида 24 июнь куни тарбиячи томонидан тарбияланувчилардан бирига нисбатан жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказилгани ҳам бор.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, агар лицензия талаблари бир марта қўпол равишда бузилиб, бу ҳолат фуқароларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирган бўлса, лицензияни бекор қилиш учун ҳуқуқий асос юзага келади.
Шу муносабат билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мазкур хусусий боғча лицензиясини бекор қилиш масаласида Тошкент туманлараро иқтисодий судига расмий мурожаат киритган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Учтепа туманида жойлашган ушбу хусусий боғчада болаларга нисбатан қўпол муносабат акс этган видеолар кенг тарқалган эди. Тасвирларда тарбиячиларнинг айрим болаларга босим ўтказгани, бир боланинг оғзига мато тиқилгани ва яна бир тарбияланувчининг қўли эшик орасида қисилгани акс этгани жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани ички ишлар органлари томонидан Жиноят кодексининг 110-моддаси — қийнаш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, жабрланган тарбияланувчиларнинг тан жароҳатларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.






























Изоҳлар 0
…