Навоийда ноқонуний олтин қазиш чоғида 3 киши кон остида қолди

Навоий вилоятида ноқонуний олтин қазиш билан шуғулланган фуқаролар иштирокида хавфли ҳодиса содир бўлди. Кон ҳудудида қазилган чуқурликнинг ўпирилиши оқибатида уч нафар шахс тупроқ остида қолиб кетди.
Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, воқеа 7 июль куни соат 04:22 атрофида Хатирчи туманидаги “Ангидон” маҳалласига қарашли Қуврай қишлоғи тоғ ҳудудида юз берган.
Дастлабки маълумотларга кўра, тўрт нафар фуқаро ноқонуний равишда олтин қазиб олиш мақсадида кон ҳудудига борган. Қазиш ишлари давомида ер ўпирилиб, улардан уч нафари чуқурликка тушиб кетган ва тупроқ остида қолган.
Ҳодиса вақтида ташқарида бўлган тўртинчи шахс зудлик билан атрофдагилар ва қутқарув хизматига хабар берган. Қутқарувчилар етиб келгунига қадар маҳаллий аҳоли ва уларнинг шериги бир нафар фуқарони тупроқ орасидан чиқаришга муваффақ бўлган.
Орадан кўп ўтмай воқеа жойига етиб келган ФВБ қутқарувчилари махсус қутқарув ишларини амалга ошириб, тупроқ остида қолган яна икки нафар фуқарони ҳам соғ-омон қутқариб олди.
Қутқарилганларга ҳодиса жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди ва уларнинг саломатлигини текшириш учун шифохонага олиб борилди.
Мутасаддилар мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда текширув ишларини олиб бормоқда.






























Изоҳлар 0
…