Фабио Каннаваро: "Бу ҳикоя тугамади, фақат битта афсусим бор"

Ўзбекистон миллий жамоасининг 2026 йилги жаҳон чемпионатидаги тарихий иштироки якунланганидан кейин бош мураббий Фабио Каннаваро футболчиларга самимий мурожаат йўллади.
Италиялик мутахассис ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шогирдларининг оғир босим остида ҳам бор кучини майдонда қолдирганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, натижалар кутилганидек бўлмаган бўлса-да, мундиалда орттирилган тажриба футболчилар келажагида муҳим ўрин тутади.
«Футболчиларим билан фахрланаман»
Каннаваро Ўзбекистон учун илк жаҳон чемпионати ўз ниҳоясига етганини қайд этиб, ҳар бир ўйинда жамоа аъзоларининг ҳаракати ва фидойилигини юқори баҳолади.
«Мен футболчиларим билан фахрланаман. Энг қийин паллаларда ҳам улар майдонга ҳар сафар чиққанларида бор кучларини беришди ва ҳеч қачон ўзларини аяшмади», — деб ёзди мутахассис.
Бош мураббий мундиал давомида футболчилар катта босим ва юқори кутилмаларни ҳис қилганини яширмади. Ўзбекистон жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этгани сабабли ҳар бир баҳс жамоа учун янги даражадаги синов бўлди.
Терма жамоа гуруҳ босқичида Колумбия, Португалия ва Конго ДР билан баҳс олиб борди. Сўнгги турда Конго ДРга қарши 1:3 ҳисобидаги мағлубият Ўзбекистоннинг мусобақадаги иштирокини якунлади.
Мундиал футболчилар учун катта мактаб бўлди
Каннаваронинг фикрича, футболчилар натижалардан қатъи назар, бутун умр хотирада қоладиган тажрибага эга бўлишди.
«Бу уларнинг ҳам футболчи, ҳам инсон сифатида ўсишига ёрдам беради. Уларни “менинг футболчиларим” деб аташдан ортиқ фахрлантирадиган нарса йўқ», — деди мураббий.
Жаҳон чемпионатида юқори тезлик, жисмоний кураш ва ҳар бир хатонинг қимматга тушиши Ўзбекистон футболчилари учун катта сабоқ бўлди. Каннаваро мусобақадан кейин мундиалнинг шафқатсизлиги ва бундай даражада кичик хатолар ҳам натижани ҳал қилишини алоҳида таъкидлаган эди.
Каннаваронинг ягона афсуси нимада?
Италиялик мутахассис жаҳон чемпионатидан кейин ўзида қолган ягона армонни ҳам очиқ айтди. У таркибга жалб қилинган барча футболчиларга етарлича ўйин вақти бера олмаганидан афсусда.
«Фақат битта афсусим бор — барчага етарлича ўйин вақти бера олмадим. Чунки уларнинг ҳар бири Жаҳон чемпионати орзусини майдонда яшашга муносиб эди», — дея таъкидлади Каннаваро.
Мундиал таркибига киришнинг ўзи ҳар бир футболчи учун катта натижа бўлса-да, майдонга тушиш имконияти ҳаммага ҳам насиб этмади. Бош мураббий айнан шу ҳолатни ўзи учун энг оғриқли нуқталардан бири сифатида қайд этди.
«Бу ҳикоя ҳали тугамади»
Каннаваро мурожаатини футболчиларга миннатдорчилик билдириш ва келажакка ишонч билан якунлади.
«Раҳмат, йигитлар! Бу ҳикоя ҳали тугамади», — деб ёзди Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи.
Ўзбекистон миллий жамоасининг илк мундиали кутилган натижаларни бермаган бўлиши мумкин. Бироқ футболчилар тўплаган тажриба, жаҳоннинг кучли жамоаларига қарши ўтказилган баҳслар ва катта саҳнада ҳис қилинган босим кейинги мусобақалар учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Энди терма жамоа олдида асосий вазифа — ЖЧ-2026даги хатолардан тўғри хулоса чиқариш, ёш футболчиларни ривожлантириш ва бу тарихий дебютни янги ғалабаларнинг бошланишига айлантириш.































Изоҳлар 0
…