Тошкентда марҳумнинг уйидан 19 та милтиқ топилди

Тошкентда икки фуқаро марҳум яқинларига тегишли ўқотар қуроллар ва ўқ-дориларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ихтиёрий равишда топширди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, пойтахтнинг Яккасарой туманида яшовчи 1981 йилда туғилган фуқаро марҳум отаси яшаган хонадонни кўздан кечириш жараёнида катта миқдордаги ўқотар қуроллар ва уларга тегишли жиҳозларни аниқлаган.
У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 1 дона винтовка, 19 дона ов милтиғи, 13 дона ствол ва колодка, 117 дона ўқ-дори ҳамда қуролларга тегишли бошқа эҳтиёт қисмларни ихтиёрий равишда топширган.
Шунингдек, Миробод туманида истиқомат қилувчи 1960 йилда туғилган аёл ҳам марҳум турмуш ўртоғидан қолган қурол-аслаҳаларни давлат идораларига топширди. Унинг томонидан 2 дона ов милтиғи ва 181 дона ўқ-дори ваколатли органларга тақдим этилган.
Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни қонунчилик талабларига амал қилишга чақириб, ноқонуний сақланаётган қурол ва ўқ-дориларни ихтиёрий равишда топшириш ҳуқуқий масъулиятнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга эканини эслатди.






























Изоҳлар 0
…