Самарқандда ҳовлисидан ер қазиётган фуқаро қадимий қабр қолдиқларини топди

Самарқандда ҳовлисидан ер қазиётган фуқаро қадимий қабр қолдиқларини топди

Самарқанд вилояти Пайариқ туманида ҳовлисида ер қазиш ишлари олиб бораётган фуқаро бронза даврига оид бўлиши мумкин бўлган қадимий қабр қолдиқларини топди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Дарвозағаза қишлоғида олиб борилган қазиш ишлари вақтида инсон суяк қолдиқлари, бронзадан ясалган билагузуклар, турли тақинчоқлар ва майда мунчоқлар топилган.

Фуқаро топилма ҳақида Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтига хабар берган. Институт мутахассислари воқеа жойини кўздан кечириб, аниқланган археологик ашёлар ҳамда инсон суяк қолдиқларини белгиланган тартибда расмийлаштириб, илмий ўрганиш учун қабул қилиб олган.

Дастлабки кузатувларга кўра, бронза билагузукларнинг айримлари конуссимон учлари ва спиралсимон безаклари билан ажралиб туради. Уларнинг шакли ва безаклари бронза даврининг сўнгги босқичида яшаган дашт чорвадор қабилалари маданиятига хос тақинчоқларга ўхшайди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, Зарафшон водийсидаги шунга ўхшаш ёдгорликлар одатда милоддан аввалги XIII–X асрларга мансуб бўлиб, Андроново–Тозабоғёб маданий доираси билан боғланади. Бироқ Дарвозағаза қишлоғидан топилган янги қабрнинг аниқ даври ва маданий мансублиги ҳозирча белгиланмаган.

Бу масалага махсус археологик қазишмалар, антропологик тадқиқотлар ҳамда металл буюмларнинг лаборатория таҳлиллари орқали аниқлик киритилиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар