Чилонзорда кузатув камерасини синдирган икки йигит 3 суткага қамалди

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида кўп қаватли уй йўлагига ўрнатилган юзни таниб олувчи кузатув камерасини тепиб синдирган уч нафар йигит аниқланди. Уларнинг икки нафари суд қарори билан уч суткага маъмурий қамоққа олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа ярим тунда содир бўлган. Камерани синдирган йигитлардан икки нафари 2004 ва 2005 йилларда туғилган бўлиб, учинчиси вояга етмаган. Шунингдек, уларнинг икки нафари воқеа вақтида спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолатда бўлган.
Ҳодисадан сўнг профилактика инспектори томонидан суриштирув ишлари олиб борилган. Йигитларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси — майда безорилик ҳамда 194-моддаси — ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларини бажармаслик бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, судга юборилган.
Суд қарорига кўра, икки нафар йигитга уч суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Вояга етмаган йигитга нисбатан эса уни махсус назоратга олиш масаласини кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга тақдимнома киритилган.
Қайд этилишича, йигитлар ўз қилмишларидан пушаймон эканини билдириб, содир этган ҳаракатлари учун кечирим сўраган.
Кўп қаватли уйларнинг умумий фойдаланиш жойларига ўрнатилган кузатув камералари аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва ҳудуддаги ҳолатларни назорат қилишда муҳим аҳамиятга эга. Бундай қурилмаларни қасддан шикастлаш эса нафақат мулкка зарар етказади, балки уй аҳолисининг хавфсизлик тизимига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…