Тошкентда қизамиқ кенг тарқалдими? Расмий изоҳ берилди

Тошкент шаҳрида қизамиқ билан касалланиш ҳолатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40 фоизга камайган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси маълум қилди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда пойтахтда қизамиққа гумон қилинган 290 та ҳолат аниқлангани ва беморлар билан алоқада бўлган 10 минг нафардан ортиқ шахс рўйхатга олингани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Қўмита изоҳига кўра, ушбу рақамлар 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида қайд этилган жамланма кўрсаткичлардир. Шу сабабли уларни қисқа вақт ичида аниқланган ёки айни пайтдаги ҳолатлар сифатида талқин қилиш нотўғри.
Расмий маълумотда ҳозирда Тошкент шаҳри ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида қизамиқ бўйича эпидемиологик вазият барқарор экани, аҳолини хавотирга солиш учун асос йўқлиги таъкидланган.
Шунингдек, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Тошкент шаҳрида режали эмлаш доирасида бир ёшли 47 494 нафар ва олти ёшли 42 767 нафар бола қизамиқ, эпидемик паротит ва қизилчага қарши КПК вакцинаси билан эмланган.
Санэпидқўмита фуқароларни ижтимоий тармоқлардаги маълумотларни тўғри талқин қилишга ва тасдиқланмаган хабарлар сабаб асоссиз хавотирга тушмасликка чақирди.






























Изоҳлар 0
…