Тошкентда қулаган девор қабр тошларига зарар етказди

Тошкент шаҳридаги Боткин қабристонида қурилиш ишлари вақтида девор қулаб тушди. Оқибатда бир нечта қабр тошларига зарар етди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилди.
Дастлабки ўрганишларга кўра, ҳодиса собиқ шампан винолари заводи ҳудудида олиб борилаётган қурилиш ишлари вақтида юз берган. Қурилиш майдонини Боткин қабристонидан ажратиб турган девор қулаб, қабристоннинг 15-сектори охирги қаторидаги бир нечта қабр тошларига шикаст етказган. Ҳокимлик маълумотига кўра, дафн жойлари очилиб қолмаган.
Ҳозирда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Шаҳар ободонлаштириш бошқармаси вазиятни назоратга олган. Ҳодиса тафсилотлари ҳамда масъул шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши, айбдорлар эса белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши билдирилган.
“Биз марҳумлар яқинларининг қайғу ва эътирозини тўғри тушунамиз. Ўтганлар хотираси ҳамда уларнинг яқинлари ҳис-туйғуларига ҳурмат сўзсиз бўлиши шарт”, — дейилади ҳокимлик хабарида.
Маълум қилинишича, буюртмачи ва пудратчи ташкилотга қулаш оқибатларини бартараф этиш ҳамда шикастланган қабр тошларини тиклаш мажбурияти юклатилган. Улар тиклаш ишларини ҳафта охиригача якунлашга ваъда берган. Ишларнинг бориши ҳокимлик назоратида бўлади.






























Изоҳлар 0
…