Тошкентда автобус 3, метро 2 дақиқада келадиган бўлди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Тошкент шаҳрида жамоат транспорти қатнови оралиқ вақтини қисқартириш ва йўловчилар учун қулайлик яратиш мақсадида янги чора-тадбирлар белгиланмоқда.
- 15 ноябрдан бошлаб асосий автобус йўналишларида тиғиз вақтларда транспорт воситалари ҳар 3–5 дақиқада қатнаши режалаштирилган бўлса, 20 ноябрга қадар метро поездлари оралиғи 2–3 дақиқагача туширилади.
Тошкентда жамоат транспортидан фойдаланувчилар учун қатор қулайликлар яратилиши режалаштирилмоқда. Энди пойтахтда автобусларни кутиш вақти 3–5 дақиқагача, метро поездлари оралиғи эса 2–3 дақиқагача қисқартирилиши мумкин. Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2026 йил III чорак якунлари бўйича қабул қилган қарорида белгиланган.
Автобуслар ҳар 3–5 дақиқада келиши мумкин
15 ноябрдан бошлаб асосий автобус йўналишларига қўшимча транспорт воситалари жалб этилади. Бу орқали эрталабки ва кечки тиғиз вақтларда автобуслар оралиғини 3–5 дақиқагача қисқартириш кўзда тутилган.
Янги тартиб эрталаб соат 07:00 дан 09:30 гача, кечқурун эса 17:00 дан 19:30 гача амал қилиши режалаштирилган. Автобусларнинг белгиланган жадвалга мувофиқ ҳаракатланиши GPS тизими орқали кузатиб борилади.
Метро поездлари оралиғи ҳам қисқаради
Пойтахт метрополитенида ҳам йўловчиларнинг поезд кутиб қолиш вақтини камайтириш чоралари кўрилмоқда. 20 ноябрга қадар айрим йўналишларда поездлар ҳаракати оралиғини 2–3 дақиқагача тушириш режалаштирилган.
Бунинг учун «Чилонзор», «Ўзбекистон», «Юнусобод» ва ер усти ҳалқа йўналишларида беш вагонли поездлар ҳаракатини йўлга қўйиш кўзда тутилган.
25 та йўналишга катта автобуслар чиқарилади
20 декабрга қадар йўловчилар оқими юқори бўлган 25 та автобус йўналишига катта сиғимли, бўғинли автобусларни жалб этиш тавсия қилинган.
Бунда Учтепа, Миробод, Сергели ва Янгиҳаёт туманларидаги йўналишларга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, 2027 йилда автобуслар сонини кўпайтириш мақсадида масъул ташкилотлар 15 ноябрга қадар шаҳар ҳокимлигига тегишли таклифларни киритиши лозим.
Агар белгиланган чоралар тўлиқ амалга оширилса, пойтахтда жамоат транспортини кутиш вақти сезиларли даражада қисқариши кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…