Ўзбекистонда дорихоналарни бошқа дориларни ҳам олишга мажбурлаш ҳолатлари текширилмоқда

Ўзбекистонда айрим дори импортчилари харидоргир препаратларни сотишда бошқа дориларни ҳам мажбуран сотиб олиш талабини қўяётгани ҳақидаги шикоятлар ўрганилмоқда. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида мамлакатга 305 та корхона дори воситаларини импорт қилган. Шундан 47,2 фоизи бешта корхона ҳиссасига тўғри келган.
Ижтимоий тармоқларда айрим импортчилар ва улгуржи дистрибьюторлар талаб юқори бўлган препаратларни сотишда харидорлардан буюртма қилинмаган бошқа дориларни ҳам олишни талаб қилаётгани ҳақида мурожаатлар кўпайган. Бундай ҳолатлар кичик тадбиркорларнинг иқтисодий манфаатларига зарар етказиши ва бозордаги рақобатни чеклаши мумкин.
Қўмита маълумотларига кўра, 2023 йилда Ўзбекистонда 13 744 та дорихона бўлган. 2024 йилда уларнинг сони 13 010 тага камайган. 2026 йил 1 октябрь ҳолатига эса дорихоналар сони 14 598 тага етган. Уларнинг 449 таси улгуржи, 14 149 таси чакана савдо билан шуғулланади.
“Рақобат тўғрисида”ги қонунга кўра, устун музокара кучидан фойдаланиб, ҳамкорларга ноқулай шартлар қўйиш ёки бир маҳсулотни сотишни бошқа товарларни ҳам харид қилишга боғлаш қонунбузилиш ҳисобланиши мумкин.
Бундай қоидабузарликлар аниқланса, тегишли даврда, бироқ уч йилдан ошмаган муддатда маҳсулотларни сотишдан олинган тушумнинг 5 фоизигача миқдорда молиявий санкция қўлланиши мумкин.
Ҳозирда Рақобат қўмитаси дори воситалари улгуржи савдосидаги эҳтимолий қонунбузилиш ҳолатларини ўрганмоқда.































Изоҳлар 0
…