
2025 йил 10 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва яна бир қатор ҳудудларда дори сотиш бўйича янги қоидалар кучга кирди. Янги тартибга кўра, эндиликда қарийб 13 минг номдаги дори воситасини фақат шифокор рецепти асосида олиш мумкин бўлади. Бу рўйхатга антибиотиклар, гормонал ва психотроп препаратлар, тиббий спирт каби воситалар ҳам кирган.
Соҳада бошланaётган ислоҳотлар доирасида “Электрон рецепт” — DMED рақамли ахборот тизими жорий этилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 570-сонли қарорига биноан, тизим 2025 йил 10 декабрдан Тошкент ва мамлакатнинг 15 та шаҳар ва туманида синов тариқасида ишлайди. 2026 йил охиригача барча шифохона ва дорихоналар тўлиқ уланиб, 2027 йил январдан умумий тарзда амал қилади.
Эндиликда барча тиббий ва фармацевтика муассасалари DMED платформаси орқали иш юритади. Платформа тўлиқ ишга тушгунча, мавжуд электрон соғлиқни сақлаш тизими фаолиятда қолади.
Шифокорлар тайинлайдиган дори воситалари рақамли шаклда расмийлаштирилиб, “Электрон рецепт” модулига интеграция қилинади. Препаратлар халқаро номлар орқали белгилаб борилади — фақат кучли таъсир қилувчи, психотроп моддалар ва реимбурсация дастурига кирган дори воситалари бундан мустасно.
Электрон рецепт олиш жараёни қуйидагича:
1. Бемор шифокор қабулидан ўтади ва даволаш йўналиши белгиланади.
2. Барча маълумотлар электрон тиббий картага киритилади.
3. Шифокор QR-код ва электрон имзо орқали рецептни расмийлаштиради.
4. Бемор дорихонага мурожаат қилади, фармацевт рецептни текшириб, дорини бериб, маълумотни тизимга киритади.
5. Зарур ҳолларда қоғоз шаклидаги рецепт ҳам тақдим қилиниши мумкин.
Электрон рецептда шифокор маълумотларидан тортиб, беморнинг ЖШШИР рақами, диагнози, дори воситасининг номи ва қабул қилиш тартибигача барча маълумот акс этади.
Тизим орқали фақат Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган дори воситалари берилади. Фармацевтлар дорининг серияси ва муддатини тизимга киритиб боради, шифокорлар эса онлайн назорат қилиш имконига эга бўлади.
Электрон рецепт тиббий кўрсатмаларсиз ёки мамлакатда рўйхатдан ўтмаган дорилар учун расмийлаштирилмайди. Анестезия воситалари ҳам электрон тарзда берилмайди.
Назорат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳудудий бўлимлар томонидан амалга оширилади, дорихоналардаги жараёнлар эса Фармацевтика хавфсизлиги маркази орқали кузатилади. Кучли таъсир қилувчи препаратларни ҳисобга олиш тизими 2027 йил 1 январгача тўлиқ ишлаб чиқилиши белгиланган.
2025 йил 9 декабрь ҳолатига кўра, мамлакатда 12 817 та дори воситаси рўйхатдан ўтган ва уларнинг барчаси электрон рецепт асосида берилади. Рўйхатда антибиотиклар, гормонал ва психотроп моддалардан ташқари аналгин, диклофенак, аскорбин кислотаси, этил спирти 70%, лидокаин каби оммабоп дори воситалари ҳам бор.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, янги тизим ноқонуний рецептларни камайтиради, дори воситаларининг ортиқча қўлланилишини чеклайди ва фармацевтика бозорининг шаффофлигини таъминлайди. Шунингдек, контрабанда ва ноқонуний препаратларни аниқлаш имкониятлари кенгаяди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.