“Дивергент” фильмидаги бош қаҳрамон қизнинг рақибасига айтган гапи бор. “Шу пайтгача сиз дивергентларни овладингиз. Биз жамиятдаги бошқа оддий одамлардан қайсидир қобилиятимиз билан ажралиб туришимизни ўзингизга хавф деб ҳисобладингиз. Жамиятни бошқариш осон ва хавфсиз бўлиши учун ҳаммани қолипларга солиш керак дедингиз. Мана энди ҳақиқат ошкор бўлди. Биз дивергентларнинг борлигимиз аслида жамият таназзулдан қутилиши ва янги имкониятларга эга бўлиши учун энг зарур нарса экан. ТУШУНИНГ, МЕН МУАММО ЭМАС, МЕН – ЕЧИММАН! ”.
Мен ҳам мусулмонларнинг потенциали ортиши, уларнинг сафи ва сифати ортишидан хавфсираётган одамларга шу гапни айтаман!
Кўрмаган Аллоҳига ва бориб кўриб келмаган жаннат-у дўзахига заррача шак-шубҳасиз ишонадиган, жилла қурса тушига ҳам кирмаган охиратнинг даҳшатидан ростмана қўрқадиган “ғалати” диндорлардан хавфсираётган одамларга айтаман!
Дунёдаги етти ёт бегона инсонларни глобал зулм-у кўринмас қуллик занжирларидан қутқариш йўлида моли-ю жонини фидо қилиб юборишга тайёр бўлган ажиб ақийдадаги диндорларни ўзига таҳдид деб биладиган одамларга шу гапни айтаман!
БИЗ ДИНДОРЛАР МУАММО САБАБЧИСИ ЭМАСМИЗ, АСЛИДА БИЗ МУАММОЛАРНИНГ ЕЧИМИМИЗ!!!
Бизга ёрдам беролмасангиз, бизга халал берманг!
Ўз ташвишларингиздан ортиб бошқаларни ўйлолмасангиз, ҳеч бўлмаса шунга интилаётганларга қарши чиқманг!
Бизнинг сафларимиз радикаллашиб, самимий орзулар вайронакор ғараз тарафга ўзгариб кетишидан қўрқаяпсизми? Ўз сафимизни ўзимиз ислоҳ қилиб олиб, оёққа туришимизга ёрдам беринг, ёки шунчаки шунга қўйиб беринг. Бу уммат ўзининг ичидаги муамоларини ўзи ҳал қилиб олишга қодир!
Ҳа, мусулмонлар кўпи аслида ўзининг локомотив уммат эканлигини, дунёни ислоҳ қилиш ва олдинга тортиш миссияси билан чиқарилган уммат эканлигини билмайди ёки тушунмайди. Тушунганлари ҳам ишни нимадан бошлашни аниқ билмайди. Лекин уйғотилса, йўл кўрсатилса, шу исроф-у беҳудага кетаётган кучини асл миссиясини бажаришга қаратиш мумкинлигини кўра олса, ана шунда унинг ичида яшириниб ётган имкониятлари шубҳасиз юзага чиқади.
Дунё шундоғам катта зулм-у ситамга тўлган. Ўрмон қонуни борган сари ёйилмоқда. Энг зўр кашфиёт-у илм-фан ютуқлари ахийри бориб инсонни тубанлаштириш йўлида ишлатила бошлаяпти. Буни тўхтатиш учун диндорлардан бошқа ҳеч ким жон койитмаслиги бизга кундай равшан. Биз бу вазифани йўқ жойдан ўйлаб топиб, бўйнимизга бўйинтуруқ қилиб олганимиз йўқ! Қайси аҳмоқ оғримаган бошига ташвиш сотиб олади, сал ўйлаб кўринг! Биз бу йўлни басийратан танлаб олдик! Илм, иймону виждонимиз билан англаб туриб шу машаққатли йўлга рози бўлдик!
Танлаган йўлингнинг кўлами ва масъулиятидан ўзингни ҳам баъзан ваҳима босаётган бўлса, демак, ростмана ишнинг бошини ушлабсан, деган гап бор. Стив Жобс айтганидек, “дунёни ўзгартира оламан, деб фақатгина тентаклар ўйлаши мумкин. Шунинг учун ҳам дадил тентакларгина дунёни ростакамига ўзгартиради!”
Бизнинг бир парча матони бошига ўраб, кўксини тўсиб юриш масаласига шунчалик жиддий муносабатда бўлишимиз кимнингдир кўзига тентаклик бўлиб кўринаётгандир. Лекин шунчаки тушунинг, биз нима қилаётганимизни жуда яхши биламиз ва бу нарсанинг муҳимлигини ҳам бутун вужудимиз билан ҳис қиламиз. Бу каби фарзларга амалсиз Ислом цивилизацияси ўз олдига қўйилган вазифаларни бажаролмайди.
“Диний фонни нормаллаштириш” каби атай қоғозга ўралган шиор остида диний сиёсат векторини йўналтириб турганларга ва билиб-билмай арзимас чақалар эвазига бу инсофсиз сиёсатга косов бўлиб хизмат қилаётган фаоллару давлат вакилларига айтаман: Диндорларнинг динга амал қилишига тўсиқ бўлиш — бу деструктив нарса. Бундан иккала томон ютқазади. Сизнинг кучингиз, пулингиз, асабингиз ва вақтингиз бекорга сарф бўлгани қолади. Бизнинг кўпроқ савоб иш қилиш, илму касб орттириб одамлар оғирини енгил қилиш, ташвишимиз у ёқда қолиб, элементар ҳуқуқларимизни талашиб, идорама-идора сарсон бўлганимиз қолади. Ундан кўра Ислом динини ва диндорларнинг ички энергиясини фойдали ишларга йўналтиришга ёрдам беринг! Жамиятимиздаги (ва дунёдаги) муаммоларни ҳал қилиш йўлида ҳамкорлик қилинг! Шунда иккала томон ютади. Радикализм-у экстремизм, деган учуқтошар бош оғриқлар ўз-ўзидан йўқолади.
Мана, диндорларга энг кўп тазйиқ-у зулм ўтказган одамлар аслида энг катта ўғрилар, энг катта бандитлар эканлиги ошкор бўлдику. (Прокурору терговчилардаги “каллахўр”, “антибиотик” каби бандитский кличкалар бекорга эмас.) Ўша “терроризмга қарши кураш” ниқоби остида катта-ю кичикни диндорларга қарши қайраганлар аслида мамлакатни отўйин қилиб ташлаган асл халқ душмани — маразлар бўлиб чиқди-ку. Биз диндорларни асл халқ фидойилари деб қабул қилинг ва бизга ёрдам беринг, тахланиб кетган муаммоларни бирга ҳал қилайлик, деб таклиф қиламан. Вассалом.
Азамат Андреев
Манба: Fayzbog.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди