21:47 / 18 февраля 2020
1 225

Депутатни ким сайлаган?

Депутатни ким сайлаган?
Блогер Хушнудбек Худойбердиев парламент, депутатлар ва сайловчилар ўртасидаги муносабатлар ҳақидаги ўйларини билдириб ўтибди:
“Масалан, энг оддийсидан бошласак, ҳалигача Олий Мажлис атрофини ўраб турган панжаралар олиб ташланмади. Ҳалигача халқ сайлаган депутатлар халқдан қўрқиб, баланд панжаралар ортига беркиниб ўтиришади. Бу бўйича кўп бора гапирилди, сиёсий дебатларда ваъдалар берилди, аммо қачон амалга ошиши ҳозирча номаълум. Бу каби панжараларни бошқа кўплаб давлат ташкилотларида ҳам учратиш мумкин. Чунки бизда ҳалигача фуқароларга потенциал жиноятчига қарагандай қарашади”.

Хушнудбек айрим депутатларнинг ўйламай гапириб юборгани ҳақида фикрларини ҳам билдириб:
“Ёки икки кундан буён барча ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган «Сиз мени сайламагансиз, бундан кейин ҳам сайламайсиз... сайламасангиз ҳам майли» деган гапларни олайлик.

Энди шу жойида савол туғилади, назарий жиҳатдан умуман бошқа округда яшайдиган фуқаро бошқа округдан сайланган депутатга эътироз билдириб, ундан бирор нарсани талаб қила олмайдими? Талаб қила олади, қилганда қандоқ!

Чунки барча депутатлар қайси округдан сайланганидан, кимлар овоз бергану, ким овоз бермаганидан қатъи назар, фуқаролар тўлаган солиқлар эвазига давлат бюджетидан маош олади. Яъни депутатларни ХАЛҚ БОҚАДИ. Яна қайтараман, депутатларни ХАЛҚ БОҚАДИ. Тушунишни истамаётганлар учун учинчи марта қайтараман, депутатлар халқни эмас, ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРНИ БОҚАДИ.

Мана шунинг ўзи энг катта асос. Ўзбекистоннинг қаерида истиқомат қилишингиздан қатъи назар, у хоҳ Наманган бўлсин, хоҳ Жиззах, исталган депутатга эътироз билдира оласиз, исталган депутатга қонун доирасида талаб қўя оласиз. Улар бизнинг ҳисобимиздан оиласини боқяпти. Бизнинг ҳисобимиздан!

Мерседесу Малибудан иборат хизмат машиналарида юришибди. Бизнинг ҳисобимиздан имтиёзли шартларда уй-жой олишяпти. Бизнинг ҳисобимиздан қиммат Apple iMac компьютерларига Windows ўрнатиб ишлатишмоқда.

Нафақат ҳар бир депутат, балки ҳар бир давлат хизматчиси мана шу олтин қоидани ҳар лаҳза ёдида тутиши, ҳеч қачон унутмаслиги керак”, – деб ёзади блогер Х.Худойбердиев.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)