14:39 / 20.04.2020
1 389

Вояга етмаганларнинг жавобгарлиги

Вояга етмаганларнинг жавобгарлиги
Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, ҳуқуқий таълим ва тарбия борасидаги ишларни тизимли ва узвий олиб бориш тақоза этмоқда.

Ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ҳар бир шахсда қонунларга ва одоб-ахлоқ қоидаларига ҳурмат, миллий қадриятларга садоқат, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотишга жиддий ёндошиш лозим.

Жамиятда вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш ҳамда жиноятларни барвақт олдини олишга давлат томонидан жиддий эътибор қаратилаётганлигини кўришимиз мумкин.

Шу ўринда, миллий қонунчилигимизда вояга етмаганларнинг жавобгарлиги алоҳида белгилаб қўйилганлигига эътибор қаратамиз.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг олтинчи бўлимида, вояга етмаганлар жавобгарлигининг хусусиятлари белгиланган.

Вояга етмаганлар, яъни ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсларга, жарима, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш каби жазолар фақат асосий жазо чораси сифатида қўлланилиши мумкин. Ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўшимча жазолар тайинланмайди.

Вояга етмаганларга тайинланадиган бу жазо турларининг миқдори ва муддатлари, қонунда қуйидагича белгиланган:
  • Жарима базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан йигирма бараваригача миқдорда;
  • Мажбурий жамоат ишлари фақат меҳнатга лаёқатли вояга етмаганларга нисбатан олтмиш соатдан икки юз қирқ соатгача бўлган муддатга;
  • Ахлоқ тузатиш ишлари фақат меҳнатга лаёқатли вояга етмаганларга нисбатан ўз иш жойида ўташ, айбдор ҳеч қаерда ишламаса, ушбу жазо ижросини назорат қилувчи органлар белгилаб берадиган ўзи яшайдиган ҳудуддаги бошқа жойларда ўташ тариқасида бир ойдан бир йилгача муддатга;
  • Озодликни чеклаш вояга етмаган маҳкумларга нисбатан асосий жазо чораси сифатида олти ойдан икки йилгача муддатга;
  • Озодликдан маҳрум қилиш жазоси эса олти ойдан ўн йилгача муддатга тайинланади.

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судида вояга етмаганларга нисбатан кўрилган жиноят ишлари бўйича статистик таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2018 йилда 3 нафар, 2019 йилда 1 нафар шахсга нисбатан жиноят ишлари кўриб чиқилган бўлиб, 2020 йилнинг 1-чорагида бундай тоифадаги ишларни кўрилмаганлиги, ўтган давр мобайнида вояга етмаганлар томонидан жиноят содир этилиши нисбатан камайганлигини кўрсатади.

Жиноят ишлари бўйича
Навбаҳор туман судининг
девонхона мудири
Б.Фармонов
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)