23:00 / 17.09.2020
1 122

Хориждан Ўзбекистонга киришнинг янги тартиби эълон қилинди

Хориждан Ўзбекистонга киришнинг янги тартиби эълон қилинди
Жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон билан чегарада жойлашган автойўл ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистонга кираётган шахслар санитария қоидаларига ва нормаларига қатъий риоя этган ҳамда коронавирус инфекциясига ПЗР ёки экспресс-тест ёки антиген текширувидан ўтган ҳолда 14 кунга меҳмонхона ёки уй карантинига юборилади.

Хорижий давлатлардан (авиа, темир йўл ва автотранспорт воситаси орқали) келувчи шахсларни Ўзбекистон Республикасида қабул қилишнинг қуйидаги тартиби татбиқ этилади:
  • сўнгги 14 кун давомида «яшил» давлатда (Хитой, Таиланд, Малайзия, Жанубий Корея, Грузия, Венгрия, Финляндия, Латвия, Австрия ва Япония) бўлиб турган шахслар – Ўзбекистон Республикаси ҳудудига тўғридан тўғри киритилади;
  • «сариқ» (Озарбойжон, Беларусь, БАА ва Европа Иттифоқи давлатлари (Буюк Британия ва Испания бундан мустасно) ҳамда «қизил» давлатлардан (қолган барча давлатлар) кириб келаётган шахслар – сўнгги 72 соат давомидаги коронавирус инфекциясига ПЗР тест текширувининг манфий натижалари тўғрисида маълумотнома тақдим этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киритилади.

Бунда:
  • шахс сўнгги 72 соат ичида коронавирус инфекциясига текширувдан ўтмаган бўлса ёхуд шахсда коронавирус инфекцияси аломатлари (йўтал, иситма ва бошқалар) мавжуд бўлса, Ўзбекистонга келганидан сўнг ўтказиш пункти (аэропорт, вокзал ёки бошқа) ҳудудида ўз ҳисобидан коронавирус инфекциясига ПЗР ёки экспресс-тест ёки антиген текширувидан ўтиш учун намуна топширади ҳамда Ўзбекистон ҳудудига киритилиб, 14 кунга меҳмонхонага ёки уй карантинига юборилади;
  • Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган шахслардан 14 кун давомида меҳмонхонада ёки уй карантинида бўлиш мажбуриятини зиммасига олиш тўғрисида «тилхат» олинади;
  • ПЗР, экспресс-тест ёки антиген текшируви натижалари мусбат (ижобий) бўлган тақдирда, шахс белгиланган тартибда карантин маркази ёки хоҳишига кўра меҳмонхонага карантинга жойлаштирилади.

«Масъул идораларга хорижий мамлакатлар мутасадди идоралари билан музокаралар ўтказган ҳолда барча турдаги халқаро қатновлар (авиа, темир йўл, автобус қатновлари) сонини кўпайтириш бўйича алоҳида топшириқ берилди.

Шу билан бирга, карантин чекловлари юмшатилиши муносабати билан айрим фуқаролар томонидан мавжуд карантин чекловлари ҳамда санитария-эпидемиологик талабларга риоя этилмаётгани, шу жумладан, жамоат жойларида, жамоат транспортида ижтимоий масофа сақланмаётгани, тиббий ниқоб тақмаган ҳолда ҳаракатланаётгани, тўй ва бошқа оилавий маросимларни ўтказиш талаби ва тартиби бузилаётгани ҳамда бунинг оқибатида аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалиши ҳолатлари кескин кўпаяётганини инобатга олиб, масъул вазирлик ва идораларга профилактик ва назорат тадбирлари (рейдлар)ни амалга ошириш топширилди
», дейилади тақдим этилган маълумотда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)