23:50 / 25.01.2021
2 574

Бухоролик дастурчи Президентдан давлат лойиҳаларини беришни сўради

Бухоролик дастурчи Президентдан давлат лойиҳаларини беришни сўради
Фото: Президент матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятидаги икки кунлик сафари доирасида IT-парк филиалига ташриф буюриб, 25 ёшли дастурчи, Monday Labs компанияси асосчиси Саидравшан Шокиров билан суҳбатлашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати эълон қилган махсус репортажга таяниб «Gazeta.uz» хабар берди.

Президент ундан ўз компаниясини ривожлантириш учун нима зарурлигини сўради. IT-тадбиркор давлат раҳбаридан унга давлат лойиҳаларини ишониб топширишни илтимос қилди. Бунга жавобан Шавкат Мирзиёев давлат лойиҳаларини амалга оширишнинг учта устувор йўналишини — қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва халқ таълими соҳаларини таклиф этди.

«Қишлоқ хўжалигида қишлоқни ободонлаштириш — жиддий давлат лойиҳаси. Сув, ер, ўғитлар. Катта давлат дастури. Мана, эртага вилоят ҳокими [Ботир Зарипов] билан гаплаш. Сенга соғлиқни сақлаш соҳасида катта давлат лойиҳасини маблағ билан тақдим этаман. Халқ таълими ҳам жиддий лойиҳа. Дастурий таъминот маҳсулотлари, фанларни қандай қилиб пухта ўзлаштирилиши, мактабдан кейин ўқитиш, билим бериш. Бу ҳам давлат лойиҳаси. Мен пул тўлайман. Қила оласанми?» — деб сўраган Президент.

Дастурчи ўз жамоаси билан лойиҳаларни бирма-бир амалга ошириши мумкинлигини маълум қилган. «Умуман олганда, менимча, биз уддалаймиз», — деган у.

Шавкат Мирзиёев Саидравшан Шокиров «энди унинг дўсти» эканлигини айтган. Кейин давлат раҳбари уни ёш дастурчи билан суратга олишни сўраган.

Президент, шунингдек, чет элда ишлаб, Ўзбекистонга қайтиб келган дастурчи Шахрулло Тухсанов билан ҳам суҳбатлашган. Президент «Ғоя билан тўхтаб қолиш керак эмас, агар керак бўлса, давлат максимал даражада, шу жумладан, молиявий томондан ҳам қўллаб-қувватлайди», деб таъкидлаган.

Давлат раҳбари ёш дастурчиларни ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича буюртмалар билан таъминлаш, «маблағлар, куч ва вақтни тежайдиган» дастурий маҳсулотлар яратиш бўйича кўрсатмалар берган.

Президент ахборот-коммуникация технологияларини ўзлаштирмасдан ҳеч қандай ривожланиш бўлмаслигини таъкидлаган. «Буни ҳаммангиз тушунишингиз керак — бошқа илож йўқ», — деган у.

Саидравшан Шокиров аввал ҳам Президент билан суҳбатлашган. Декабрь ойи охирида давлат раҳбарининг ёшлар билан учрашувида дастурчи Шавкат Мирзиёевдан бир гуруҳ ёш IT-тадбиркорлар учун Facebook, Google ва бошқа йирик компанияларга экскурсия уюштиришни илтимос қилган. Хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиб, Ўзбекистонга қайтгач улар ушбу ечимларни мамлакатда татбиқ этишлари мумкин, деб айтган.

Давлат раҳбари ушбу таклифни тўғри деб топган ва бош вазир маслаҳатчиси Олимжон Умаровга вилоятлардан Саидравшан бошчилигидаги жамоа ташкил қилишни топширган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бухоролик дастурчи Президентдан давлат лойиҳаларини беришни сўради