“Яхши сериал ишлаб, телеканалга олиб борсак, 18+ жойи борми, деб сўрашди” — актриса Гуласал Раҳмонова
“Ўзбекистон” телеканалининг “Муносабат” кўрсатувида Муқимий номидаги мусиқали драма театрининг етакчи актёр ва актрисалари иштирок этиб, замонавий кино ва сериаллар борасида ўз фикрларини билдиришди. Хусусан, актриса Гуласал Раҳмонованинг фикрлари кенг жамоатчилик эътиборини тортди.
— Бир журналист юқори даражада турган бир нечта санъаткорларимизга “Кийим-кечагингиз ва кунлик харажатларингизга қанча маблағ сарфлайсиз?” деб савол берди. Улар беш юз, минг, икки-уч минг доллар сарфлашлари ҳақида гапириб беришяпти. Эй, барака топгур журналист, шу саволни беришга сенинг виждонинг қийналмаяптими? Ўша санъаткорларимиз ҳам хафа бўлишмасин, пойабзалим икки минг, атирим 5-6 минг АҚШ доллари туради, дейишга уларнинг ҳам виждони қийналмадими? Бизнинг оддий халқимиз санъаткорларга ҳавас қиляпти. Айрим ёшлар уларга эргашиб, уч юз ёки беш минг долларга “духи” оламан деб нималар қилишяпти? Қандай қилиб пул топяпти? Ўша санъаткор “Сиз менга санъат ҳақида савол беринг”, демасдан кийим-кечакларининг нархини айтишга уялишмаяптими? Ёки ўша журналист “Қайси қўшиғингиз билан тарихда қолмоқчисиз, нималарни тарғиб қилмоқчисиз?” деб савол берса бўладими? Савия қаерга қараб кетяпти?
Серилларимиз ҳам санъатимиздаги энг оғриқли нуқталаримиздан бири. Сони ва саноғи бўлса-бўлар қабилида иш тутишяпти. Ижодкорларга унинг сифати эмас, сони бўлса бўлди. Ҳар битта телеканалнинг раҳбариятига мурожаат қилмоқчиман. “Сериалларнинг сифатига ким жавоб беради?” Ачинарлиси, оилавий, қайнота-қайнона билан томоша қилиб бўлмайдиган сериалларни ёшларимиз кўришяпти. Ҳамма режиссёрлар шундай сериал олишади, дейишдан йироқман. Яхши ижод қилаётганлари ҳам бор. Аммо ачинарлиси — уларга йўл йўқ. Ўн беш қисмдан иборат сериал суратга олдик. Ижод қилгимиз келди, унда дўстлик мисолида чин қаҳрамонликни кўрсатишни истагандик. Кўплаб устозларимиз суратга тушган сериалдан умидимиз катта эди. Аммо уни телеканалларга олиб борганимизда “Орасида 18+ борми?” деб сўрашяпти. Барака топгур, шундай саҳнаси бўлган сериални фарзандингга кўрсатоласанми, деб савол берсангиз. Аслида кўрсатишмайди, лекин уни халққа намойиш этишяпти. Халқ сенинг фарзандинг эмасми?
Янги йил арафасида ҳар бир телеканаллар байрам дастурларини намойиш этишди. Умрида бирор марта қўшиқ куйламаган блогерлар саҳнага чиқишди. Хафа бўлишмасин-у, улар ҳатто “а” дейишни билишмайди. Биз нима қилиб юрибмиз, агар қўшиқ айтиш ва саҳнага чиқишни блогерларга топшириб қўйсак, кунимиз фақат уларга қолдими?
Яқинда маданият вазири Озодбек Назарбеков билан бўлган йиғилишда “Миллион” ёки бошқа жамоаларга тақиқ қўёлмаслигимиз ҳақида гап-сўзлар бўлди. Вазир “Танқид қилинаётган жамоалардан катта санъаткорларнинг ўзи концертига таклифнома сўраяпти. Мана бизнинг фожиамиз қаерда?” деган гапларни айтиб ўтди. Танқидлар бўляпти, учрашув ва мажлислар ўтказиляпти. Аммо уларнинг бари қоғоздаги ҳисоботларда қолиб кетяпти. Нега бу гаплар амалга кўчмаяпти, унинг натижасини ким қилиши керак?
Театрларда яхши спектакллар қўйиляпти, агар номақбул бирор саҳна бўлса, тезда огоҳлантириш бўлади. Нега тегишли ташкилотлар ўша жамоалар, сериаллар ёки блогерларга қарши бирор чора кўришолмаяпти? Мана шу ҳақида ҳам ўйлаб кўриш вақти келмадими? — дейди актриса Гуласал Раҳмонова.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг