18:38 / 25.03.2025
342

Тошпўлат Маткаримов: “Ундан кўра шу пулни бошқа эҳтиёжингизга ишлатинг, дейман”

Тошпўлат Маткаримов: “Ундан кўра шу пулни бошқа эҳтиёжингизга ишлатинг, дейман”
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тошпўлат Маткаримов “Дарё”га интервью берди. Интервью давомида хонанда чет эл қўшиқларига сўз қўйиб куйлагани, беҳисоб мол-мулки, виждон азоби, Муҳаммад Юсуф билан тасодифан танишиб дўст бўлиб кетгани ва уни тўй хизматига айтадиганларни фикридан қайтариши ҳақида гапирди.

“Бойлигим кўп бўлса-да, ўз йўлим йўқ эди”

10-15 ёшимда эсимни таниган бўлсам, шу пайтдан бери санъатнинг ичидаман. Аслида, онамга қўшиқ айтиб бераман деб қўшиқчи бўлганман. “Она бебаҳо” деган қўшиқни онам кўп эшитарди. Шундан 1-2 та сўзларини ёдлаб олиб, кейинчалик мактабда ўртоқларимнинг ичида, тадбирлар, санъат байрамларида қатнашиб, олқишлар олдим. Одамларнинг ўзи секин-секин мени тўйларга олиб чиқди. Мусиқий техникаларнинг янгилари чиқар, улардан фойдаланиб янгилик қилардик, ёшларга ёқарди. Бир чолғучим аразлаб қолди, мен консерваторияни тамомлаяпман, отарчи бўлмайман, деди. Мен ҳам шунда ўзимга “Тошпўлат, шундай қилиб тўйларнинг, пулларнинг ичида кетаверасанми ёки ўз номинг бўлиши керакми? Шахс бўлишинг керак, ахир” дедим. Ёшим 26 да, кимнинг машҳур қўшиғи бўлса, шуни одамларга куйлаб берардим. Ўша даврнинг олди одами эдим, олий маълумотлиман, уйланганман, уй-жой, машина, мол-мулким бор. Йўқ, мен ўз йўлимни топаман, дедим.

“Кунига бир маҳал овқатланиб, сартарошхонада ухлаб қолардим”

Шу вақтда бир танишимдан Тошкентда тайёр чолғучи гуруҳ борлигини эшитиб қолдим. Хонандаси қандайдир сабаб билан кетган экан. Созандалар эстрадада ўсган корейс йигитлар эди, ичи тўла мусиқа экан. Мен қўшиқ айтишни бошласам, улар ҳам ижодий ёндашиб чалиб кетаверарди. Устига устак энг замонавий мусиқий асбобларни ҳам олгандик. Ўзим ҳам имижимни бутунлай ўзгартиргандим. Шундан кейин тўйларимиз янада кўпайиб кетди. 1988—89 йилларда гуллаб яшнадик. Корейс созандаларим “тамом бўлди”. Кун-у тун хизмат эди-да. Ўзим ҳам сартарошхонага бориб сочимни олдираётган пайтим ухлаб қолардим. Овқатланиш ҳам суткасига бир марта бўлиб қолганди. 6-7 соатлаб давом этган тўйлар бўлган. Доирачимнинг қўллари қонаб кетарди, барабанчи чалаётган пайтида мудраб қоларди. Орада қўшиқларимизни ёзиб олиб, бутун Ўзбекистон бўйлаб тарқатдик.

“Тўй ринг майдони эди”

Таги бўш катта диваним бўларди, тўйдан тушган пулларни шу ерга қўярдим. Тўлиб, тошиб кетганди. Ҳар йили янги машина минганман.

Тўйда фақат жонли айтиларди, фонограмма йўқ, “бирров”лар ҳам йўқ эди. Лекин бир томонда мен бўлсам, бошқа томонда Муҳриддин Холиқов ёки Аҳрор Усмонов куйларди. Худди рингга ўхшарди — ярим соат мен айтсам, ярим соат улар. Ўша давралар ҳам кўп нарсани ҳал қиларди. Лекин бировнинг мусиқасига сўз қўйиб айтаётганимга виждоним қийналарди, деди у.

“Муҳаммад Юсуфни танимаганман, икки йил синалганман”

1988 йилларда Худо менга шоир Муҳаммад Юсуфни учратди. Қишда чет элга дам олишга боргандим. Бир қоракўз йигит келиб мен билан сўрашди. Ўйин-кулги қилиб, дам олдик. Уйга қайтгач “Ёшлик” журналини варақлаб ўтирсам, “Қора қуёш” достони чиққан экан. Муаллифининг расмига бундоқ қарасам ҳалиги йигит-да! Ия, бу Муҳаммад Юсуф экан-ку, деб қолдим. Камтарлигини қаранг, танишганимизда мен шоирман демаган. Мен ҳам қўшиқчилигимни айтмагандим-да. Дарров “Ёшлик” журналига бориб, унинг манзилини олиб, бориб кўришганман. Бир-биримизга меҳримиз тушиб, шу билан қалин бўлиб кетганмиз. Мендан ҳеч маслаҳатини аямасди.

Муҳаммад Юсуф мени бастакор Анор Назаров билан таништирди. Анор акам билан танишдик, лекин мени икки йил синаган, ҳеч нарса ёзиб бермаган. Кейин билсам у менинг овозимни, диапазонимни ўрганаётган экан. Ўзимнинг ижодим қачон бўларкан, деб янаям ўйлаб юрганимда Анор акам буни эшитиб кўринг, дея мусиқа эшиттирган. Шу-шу у киши билан ишлашни бошлаб юбордим, йўналишим ўзгарди. Сочлар калталанди, имижим телевидение форматига мосланди. Шундай қилиб, чет эл мусиқаларига сўз қўйиб қўшиқ айтиш, бошқаларга эргашишдан ўзимни ўнглаб олганман.

Тошпўлат Маткаримов қиммат санъаткорми?

Мен вақтида қиммат бўлгандирман, аммо айтган пулимизга олиб кетадиганлар ҳам кўп эди. Кимдир қийналганми, йўқми, билмайман. Ҳозир ҳам тўй эгалари билан келишаман, шароитига қарайман. Кўпинча шу керакми ўзи сизга, менга берадиган пулингизга бошқа нарса сотиб олганингиз яхши эмасми, дея тушунтираман, дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият