Меҳрибонлик уйидан катта саҳнага: Азиза Бегматова 83 ёшда (видео)

Меҳрибонлик уйидан катта саҳнага: Азиза Бегматова 83 ёшда (видео)

Ўзбекистон халқ артисти, таниқли актриса Азиза Бегматова 7 сентябрь куни 83 ёшни қарши олди. Санъаткорнинг таваллуд куни муносабати билан унинг яқинлари ва мухлислари самимий тилакларини билдирмоқда.

Азиза Бегматова 1943 йил 7 сентябрь куни Сурхондарё вилоятида таваллуд топган. Болалиги уруш йилларига тўғри келган актриса 14 ёшигача Деновдаги меҳрибонлик уйида тарбияланган.

Ёшлигида санъатга қизиққан Азиза Бегматова атиги уч сўм пул билан ўқиш учун пойтахтга йўл олган. Кейинчалик у ўзининг истеъдоди ва меҳнати билан ўзбек санъати ва киносида муносиб ўрин эгаллади. Томошабинлар уни, айниқса, турли асарлардаги ёрқин “чеча” образи орқали яхши билади.

Актрисанинг таваллуд куни ҳақида унинг невараси, хонанда Иззат Шукуров Instagram саҳифасида маълум қилди. У бувижонини самимий сўзлар билан табриклаб, шундай ёзган:

“Бугун, 7 сентябрь — Ўзбекистон халқ артисти, бизнинг азиз ва меҳрибон инсонимиз — Азизахоним Бегматованинг таваллуд айёмлари!

Бахтимизга доимо соғ-саломат, узоқ умр кўриб, эл-юрт ардоғида кўп йиллар давомида юришлари насиб этсин.

Сиз бизнинг энг катта фахримиз, оиламизнинг бебаҳо бойлиги ва бахтимизсиз. Сиздек буюк инсоннинг невараси эканлигимдан доимо фахрланаман!

Таваллуд айёмингиз муборак бўлсин, бувижон!”

Иззат Шукуровнинг ушбу табригига кузатувчилар ҳам бефарқ қолмади. Изоҳларда кўплаб мухлислар Азиза Бегматовани таваллуд куни билан қутлаб, унга узоқ умр, мустаҳкам соғлик ва оилавий хотиржамлик тилаган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар