Қашқадарёда янги газ-конденсат кони очилди

Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида «Патрон» номли янги газ-конденсат кони очилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, кон захиралари қарийб 2,5 миллиард куб метр табиий газни ташкил этади.
Коннинг 1-сонли қидирув қудуғини бурғилаш ишлари 2025 йилда Хитойнинг BGP компанияси томонидан ўтказилган 3D сейсмик тадқиқотлар натижалари асосида бошланган.
Бурғилаш ишлари якунлангач, 3296–3339 метр чуқурликдаги қатламлар синовдан ўтказилган. Натижада саноат миқёсида табиий газ олинган. Қудуқнинг дастлабки ишлаб чиқариш ҳажми суткасига 500 минг куб метрни ташкил этмоқда.
Маълумотларга кўра, «Патрон» нисбатан кичик кон ҳисобланади. Унинг 1-сонли қидирув қудуғи 2026 йил 2 сентябрь куни газ узатиш тизимига уланган ва ишга туширилган.
Ҳозир мутахассислар қудуқнинг аниқ ишлаб чиқариш кўрсаткичларини белгилаш бўйича газодинамик ва газ-конденсат тадқиқотларини олиб бормоқда.






























Изоҳлар 0
…