“Татар қизи – 2026” ғолибига автомобиль ва “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони топширилди

Ўзбекистонда “Татар қизи – 2026” халқаро кўрик-танлови ғолиби Амина Маҳмудова бош соврин — “Zeekr” автомобили билан тақдирланди. Бу ҳақда Маданият вазири Озодбек Назарбеков ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
Пойтахтдаги Миллий маданий марказлар павильонида ўтказилган тақдирлаш маросимида Амина Маҳмудовага автомобиль топширилди. Шунингдек, Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти талабаси бўлган ғолибга “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони ҳам берилди.
Туркманистонда ташкил этилган халқаро танловнинг финал босқичида Ўзбекистон, Россия, Қирғизистон, Туркия ва Туркманистондан жами 12 нафар иштирокчи қатнашди. Қизлар ўзаро беллашувларда тил билими, миллий урф-одатлар ва маданиятга оид билимлари, ижодий қобилияти ҳамда саҳна маҳоратини намойиш этди.
Амина Маҳмудова ўз истеъдоди ва тайёргарлиги билан ҳакамлар эътирофига сазовор бўлиб, танловнинг бош ғолиби деб топилди. Вазирнинг маълум қилишича, бош соврин — “Zeekr” автомобили Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов номидан топширилган.
Озодбек Назарбеков ёш ғолибни муваффақияти билан табриклаб, унга келгусидаги ижодий фаолиятида янги ютуқлар тилаган. Шунингдек, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг халқаро майдондаги муваффақиятларини эътироф этиш маданият ҳамда санъат ривожида муҳим ўрин тутиши таъкидланган.































Изоҳлар 0
…