Ласетти, Kia К5 ва Zeekr иштирокидаги ЙТ бўйича жиноят иши қўзғатилди

Тошкент шаҳри Юнусобод туманида содир бўлган оғир йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки киши ҳалок бўлди, яна уч киши, жумладан, икки нафар бола жароҳат олди, деб хабар беради Тошкент шаҳар ИИББ.
Ҳодиса 30 июн куни эрталаб соат 05:10 атрофида Амир Temuр ва Боғишамол кўчалари чорраҳасида юз берган. ЙТда Ласетти, Kia К5 ва Zeekr автомобиллари иштирок этган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Ласетти ҳайдовчиси қайрилмоқчи бўлган вақтда юқори тезликда ҳаракатланган Zeekr уни айланиб ўтгани, ортидан келган Kia К5 эса тўқнашувдан қочиб улгурмагани кўринади. Зарба оқибатида Ласетти икки қисмга бўлиниб кетган.
Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, Ласетти салонида бўлган икки киши вафот этган. Яна уч нафар йўловчи оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Дастлабки тергов маълумотларига кўра, Kia К5 ва Zeekr автомобилларини вояга етмаган мактаб ўқувчилари бошқарган. Катта эҳтимол билан улар ўзаро пойга уюштирган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Kia К5 рулида бўлган ўқувчи машинани отасидан сўрамасдан олиб чиққанини айтган. У воқеа учун марҳумларнинг яқинлари, ота-онаси ва жамоатчиликдан узр сўраган.

Zeekr ҳайдовчиси эса ҳодиса жойидан кетиб қолганини тан олган. Унинг айтишича, воқеадан кейин шок ҳолатида уйига кетган.
Мазкур ҳолат юзасидан жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди. Унда маҳалла фаоллари, ўқувчилар таҳсил олган мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилар иштирок этган.
Ҳодиса бўйича Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Бу модда транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлган ҳолатларни назарда тутади.
Иш бўйича тергов гуруҳи тузилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.































Изоҳлар 0
…