Саъдулла Фатҳуллаев саҳнани тарк этишини маълум қилди: “Бу охирги чиқишим”

“Дизайн” жамоаси аъзоси Саъдулла Фатҳуллаев “Марказда гаплашамиз” кўрсатувига берган интервюсида мухлисларини ҳайратда қолдирадиган баёнот берди. Ижодкор бу йилги концерт унинг саҳнадаги сўнгги чиқиши бўлишини маълум қилди.
Суҳбат давомида журналист ундан “Дизайн” жамоасида бу йил концерт бериш ёки бермаслик борасида фикрлар бўлган-бўлмаганини сўради.
“Албатта, албатта, бўлди. Биринчилардан бўлиб мен концерт қўймайлик, деган фикрни билдирдим. Лекин болалар концерт берамиз, деган қарорга келишди. Мен, албатта, уларнинг қарорини ҳурмат қилдим”, — деди Саъдулла Фатҳуллаев.
Шундан сўнг журналист ижодкордан мухлисларига қандай мурожаат қилмоқчи эканини сўради. Фатҳуллаев эса бу саволга жавобан саҳнадаги фаолияти билан боғлиқ муҳим гапни айтди.
“Соғ бўлинглар, саломат бўлинглар. Бу менинг саҳнага охирги марта чиқишим, шуни билинглар”, — деди у.
Журналист унинг бу гапи фақат “Дизайн” жамоаси билан чиқишларига тааллуқлими ёки умуман саҳнага чиқишни назарда тутаётганини аниқлаштирди. Саъдулла Фатҳуллаев эса “Умумий чиқишим”, дея жавоб берди.
Ижодкорнинг ушбу баёноти унинг мухлислари учун кутилмаган янгилик бўлди.






























Изоҳлар 0
…