09:48 / 30.08.2022
1 105

Холанднинг даҳшатли хет трики, ёнаётган Левандовски,Фирминонинг уйғониши – еврофутбол ҳафта ревьюси

Холанднинг даҳшатли хет трики, ёнаётган Левандовски,Фирминонинг уйғониши – еврофутбол ҳафта ревьюси
Европанинг энг йирик лигаларида яна бир ҳафта якуни сарлавҳаларни безайдиган кутилмаган натижалар ва “голасо”ларга бой бўлди.
“Ливерпуль”нинг “Борнмут”ни 9:0 ҳисобида янчиб ташлашидан тортиб Левандовскининг “Барселона” учун яна бир дубл қайд этишигача драмада камчилик бўлмади.

Холанди бор “Сити” даҳшатли кўринмоқда
“Манчестер Сити” ўтган мавсумда 99 та гол уриб беш йил ичида тўртинчи чемпионлик титулини қўлга киритган эди аммо бу сафар атиги тўртта ўйиндан сўнг ушбу кўрсаткични йўққа чиқаришлари кўриниб қолмоқда. Шанбу куни “Сити” “Кристал Пэлас” устидан 4:2 ҳисобида ғалаба қозонган ўйинда Эрлинг Холанд томонидан амалга оширилган хет трик туфайли Пеп Гвардиола жамоаси жорий мавсумда аллақачон 13 та гол киритишни уддалашди.

“Шаҳарликлар” сўнгги марта март ойида қаторасига икки ўйинда гол нималигини билмай майдонни тарк этишига тўғри келган эди. Жамоанинг осонликча гол ура олаётгани яхши, бошқа томондан улар дарвоза дахлсизлигини сақлашда оқсаяпти. “Пэлас”га қарши охирги 6 та баҳсда 4 бор жамоа 2 та гол фарқига кўра ортда борди. Аҳамиятли жиҳати эса улар ушбу 4 ўйиннинг бирортасида мағлуб бўлганлари йўқ: икки ғалаба ва икки дуранг қайд этилди. Танаффусгача “Кристал” хотиржам кўринди, бироқ ундан сўнг “Сити” тезликни оширганида улар ҳеч қандай жавоб бера олмадилар.

Холанд Премьер лигадаги дебют мавсумида дастлабки тўрт ўйинда 6 та гол билан буни уддалай олишига шубҳа қилганларни масхаралади. Фақатгина учта ҳужумчи мана шундай ажойиб старт намойиш қила олган – Диего Коста, Серхио Агуэро ва Мик Куин. Юқорилардан хавотирда бўлган Гвардиола кўп нарса олдинда эканини айтмоқда.

Парижда тинчлик
Якшанба оқшомида ПСЖ “Парк де Пренс” ўйингоҳида “Монако” дарвозасига пенальти тепиши белгилангач барча нима бўлишини билиш учун сабрсизланиб турар эди. Мбаппе ва Неймар ўртасида 11 метрлик нуқтадан пенальтини ким амалга ошириш борасидаги баҳсдан икки ҳафта ўтиб, бу сафар ҳеч қандай қизиқ воқеа содир бўлмади. ПСЖнинг биринчи пенальти тепувчиси Киллиан Мбаппе ҳисобланади, бироқ ҳакам томонидан дарвоза томон жарима зарбаси белгиланганда икки юлдуз ўзаро қисқа суҳбатлашиб олишди ва Мбаппе бразилиялик жамоадошига зарбани амалга оширишига рухсат беришга қарор қилди.

Ҳеч қандай баҳс ёки янгиликка сабаб бўлувчи воқеа юз бермади, шунчаки икки улғайган жамоадош ўртасида ўша вазиятда пенальтини ким тепишга муносиб эканини келишиб олишди.

Мбаппе Неймарга пенальтини тепишга қўйиб бергани учун у бу вазиятда ютди, деб ҳисоблаймиз. ПСЖ ҳисобда ортда қолаётгани боис Неймарнинг урган голи кучлар тенглигинигина таьминлади(1:1), холос. Франция чемпионлари кўпроқ драмадан қочишга ҳаракат қилди.

“Барса”да Левандовскининг эраси бошланди
“Барселона” якшанба куни “Реал Вальядолид”га қарши ўйинни бошлашдан олдин асосий эътибор ниҳоят Ла Лигада расман рўйхатдан ўтган ва янги жамоаси ҳимоясида дебют қилишга тайёр бўлган Жюль Кундега қаратилди.

“Камп Ноу”да финал ҳуштаги янграганида шов шувли ёзги трансферлардан яна бири Роберт Левандовски ўзгача ўйини билан диққатни ўзига тортди. Польшалик футболчи “Барселона” рақиб устидан йирик 4:0 ҳисобида устун келган баҳсда дублга эришди. Клуб футболчини “Бавария”дан жалб қилиш учун қаттиқ меҳнат қилгани ўз мевасини беришни бошлади. Унинг ҳар футда жаҳон даражасидаги ўйинчи экани янада ойдинлашмоқда.

Левандовски ушбу мавсумда аллақачон тўртта гол урди ва олдинда ҳали кўплаб шундай голлар бизни кутиб турибди, деб умид қиламиз.

У фақатгина голлари билан эмас, балки эски мактаб вакили жарима майдончаси ичидаги “йиртқич” сифатида обрў қозониши мумкин. Унинг тўпга тегиниши, вазиятни кўра олиши ва боғлана олиши шу пайтгача “Барса” либосида мухлисларни ўзига ром қилди. У билан бирга Рафинья, Усман Дембеле ёки Ансу Фати бўладими, Левандовскининг ақл заковати унинг олдинги чизиқдаги жамоадошлари билан бир бирларини яхши тушуна олишни шакллантириш имконини беради ва бу ЛаЛига ҳимоя чизиғи учун ёмон янгиликдир.

Тчуамени “Реал”да Каземиронинг ўрнини тўлдиради
Винисиус Жуниор якшанба куни “Реал” Мадриднинг “Эспаньол”га қарши ўйинида 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб қаторасига учинчи ўйинда зафар қучишида ажойиб жамоавий ҳаракатни намойиш этди. Ёзги трансферлар чоғида клуб мақсадларининг юрагида бўлган Орельен Тчуамени каталонияликларга қарши ўйиндаги ҳаракати орқали мадридликлар Каземирони қўрққанларидан камроқ соғинишларини кўрсатди.

Тчуамени бир муддат тўпга эгалик қилганидан кейин Карим Бензема билан пас ўйнади ва Винисиусни ажойиб тўп билан таъминлади. Вазиятнинг якуни ҳам ажойиб бўлди. “Қироллик клуб”ининг Каталониядаги ишлари ўйин пайтида бутунлай режадагидек кетмади. Хоселу мезбонлар фойдасига гол уриб ҳисобни тенглаштирганидан кейин Бенземанинг ўйин якунланишига оз қолганида киритган икки голи пойтахт жамоасига уч очкони тақдим этди.

Фирмино ўтмишни эслади
Бу ўйин худди бир неча мавсум олдинги кўринишга ўхшаб кетди. Қуёшга тўлган "Энфилд": “Сеньор, тўпни Бобби Фирминога узатинг ва у гол уради”, деб ҳайқирарди.

Шанба ҳар томонлама Фирминонинг куни бўлди. У майдонда бўлган 69 дақиқа мобайнида иккита гол ва учта голли узатма билан ўйин бошланишидан назоратни ўзида ушлади. У “Ливерпуль” ўзига хос жамоага айлантирган эски яхши даврларга қайтгандек ажойиб ўйнади. У Юрген Клопп эришган барча ютуқларнинг асосий қисми эди. Фирмино жароҳатлар, ёмон форма ва янги қон келиши ўртасида “ёлғиз кезди”.

У ҳозирда 30 ёшда(2 октабрда 31 ёшга тўлади), у ортиқ шанба куни “Борнмут” устидан 9:0 ҳисобида зафар қучилган ўйиндагидек барқарор ўйин кўрсата олмайди, у энди ўша кунгидек рақибни даҳшатга сола олмайди. Бироқ у ўша куни ҳали ҳам жамоа учун наф келтириш қўлидан келишини исботлади. Эслатиб ўтамиз, унинг “Ливерпуль” билан амалдаги шартномаси бир йилдан сўнг ўз ниҳоясига етади.

Трент Александр Арнолднинг ҳимояси ҳақидаги доимий саволлар бу мавсумда аллақачон қайта пайдо бўлди, бироқ унинг тўп билан беқиёс даражадаги муомаласини инкор этиб бўлмайди. Шанба куни “Ливерпуль” рекорд даражадаги ҳисобини такрорлаб “Борнмут”ни 9:0 билан мағлуб этганида футболчи томонидан киритилган учинчи гол юқоридаги фикрнинг ёрқин исботидир.

Дастлаб “Борнмут” ярим майдонида тўпга эгаликни бой берган 23 ёшли футболчи уни қайтариб олди ва Фирминога узатди. Фирмино уни яна Трентга қайта оширди ва у олис масофадан дарвозани ишғол қилди. Тўп “Борнмут” дарвозабони Марк Траверснинг ёнидан ўтиб, тўрга йўл олди. Бу ҳар қандай ҳужумчи фахрланадиган якун бўлди.

Мансурбек Неъматов таржимаси

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Холанднинг даҳшатли хет трики, ёнаётган Левандовски,Фирминонинг уйғониши – еврофутбол ҳафта ревьюси