Жамолиддин Раҳматуллаев: "Жаҳон чемпионатида бундан ҳам кучли томонларимизни кўрсата оламиз"
Хабарингиз бор, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Таиландда ўтган U-17 Осиё кубогида ярим финалгача етиб бориб Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган эди.
Ярим финалда кореялик тенгқурларига имкониятни бой бериб мусобақа билан хайрлашган вакилларимиз кеча тунда юртимизга қайтиб келишди.
Кўриниб турибдики футболчиларнинг ўзига бўлган ишончи ортган, ўзига хос тажриба тўплашган. Биз мусобақанинг бошқа фойдали жиҳатлари хусусида терма жамоа бош мураббийи Жамолиддин Раҳматуллаевга юзландик.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг"Авваламбор бизни қўллаб-қувватлаб турган барча ишқибозларимизга раҳмат. Албатта бундай катта халқаро мусобақалар фойдага ишлайди. Ҳар бир ўйинда масъулият, босим бор. Кучли рақиблар билан камчиликларимизни кўриб олдик. Яхши тажриба тўпладик. Ўйлайманки, бу Жаҳон чемпионатида асқотади.
Халқимиз биздан яхши натижа кутаётганди. Чунки бу ёш тоифасида ҳали Жаҳон чемпионатига анчадан бери чиқмаётган эдик. Катта меҳнат қилинди. Худо бизни сабабчи қилди. Ўзим учун эмас, шогирдларимнинг кейинги фаолияти учун бу Осиё кубоги пойдевор вазифасини ўтайди.
Қайсидир маънода фаолиятимда янги саҳифа очди, дея оламан. Бу менинг илк Осиё чемпионатим эди. Терма жамоани Жаҳон чемпионатига олиб чиқиш ҳар бир мураббийнинг орзуси бўлса керак. Худо хоҳласа, Жаҳон чемпионатида бундан ҳам кучли тарафларимизни кўрсата оламиз", - дейди Жамолиддин Раҳматуллаев.