13:13 / 01.12.2023
222

Медаллар учун сўнгги олишув ёхуд Наманганда финалмонанд ўйин

Медаллар учун сўнгги олишув ёхуд Наманганда финалмонанд ўйин

1 декабрь оқшомида Наманганда сўнгги турнинг марказий тўқнашувларидан бири бўлиб ўтади. Гап “Навбаҳор” ҳамда “Нефтчи” клублари ўртасидаги баҳс ҳақида кетмоқда. Водий дербиси номи билан машҳур бўлган жамоалар беллашувига қизиқиш ҳар қачонгидек катта. Доим ҳам бу клублар чемпионатнинг охирги турида тўқнаш келавермайди.

Бу сафаргисига турлича таърифларни берса бўлади. Лекин факт шундаки, 26-турга келиб “Навбаҳор” ҳам, “Нефтчи” ҳам чемпионликдан расман умидини узишган ва “улоқ”ни “Пахтакор” аллақачон илиб кетди. Намангандаги баҳсда жамоалар 2- ва 3-ўринлар учун аёвсиз кураш олиб боришлари шубҳасиз.

Охирги турга келиб “Насаф”, “Навбаҳор”, “Нефтчи” ва ОКМК клублари медаллар учун курашишяпти. Олмалиқда ОКМК айнан “Насаф”га қарши майдонга тушади. Рости, ҳамма математик ҳисоб-китобларга берилиб кетган. Айниқса, ушбу клублар ва унинг мухлислари бу борада фаол бўлса ажаб эмас.

Вазият шундайки, 5-ўриндаги “Нефтчи” чемпионатни бронза медал билан тугатиши, “Навбаҳор” эса медалларсиз қолиши ва 5-поғонада тугатиши ҳам мумкин. Шунинг учун тўрттала жамоанинг натижалари ўзаро бир-бирига узвий боғлиқ.

“Навбаҳор” 28 ноябрь куни Наманганда Осиё Чемпионлар лигаси 5-турида Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клубини қабул қилиб 0:2 ҳисобида ютқазиб қўйди. Аммо Самвел Бабаян жамоасида ҳали гуруҳдан чиқиш учун имконият бор. “Нефтчи” билан баҳсдан кейин улар дарҳол Ҳиндистон томон йўлга отланадилар. Чунки “Мумбай Сити”га қарши гуруҳ босқичидаги охирги учрашув кутяпти. Айтмоқчимизки, “Навбаҳор” анчадан бери тиғиз график асосида ўйинларини ўтказяпти. Бу эса жамоага қийинчиликлар туғдираётгани аниқ. “Ал-Ҳилол”га қарши оғир учрашувдан сўнг Бабаян ўз футболчиларини энди “Нефтчи”га қарши навбатдаги қийин ўйинга тиклашга уринаётгани бор гап. Виталий Левченко бошчилигидаги фарғоналикларда эса вақт етарли бўлди ва рақибининг ОЧЛдаги ўйинини ҳам диққат билан кузатдилар.

Аслида наманганлик мухлислар ва раҳбарият жамоадан чемпионликни кутгандилар. Лекин Суперлигада ўйлаганлари амалга ошгани йўқ. Энди 2-ўрин учун даъвогарлик қилмоқда. Аммо боя таъкидлаганимиздек, мағлубият жамоани медалларсиз қолдиради. Ўйин ҳарорати эса жуда баланд бўлади, бу аниқ. Бабаян ва “Навбаҳор” ҳеч бўлмаганда медаллардан бирини қўлга киритиш илинжида. “Нефтчи”да эса бронза учун имконият пайдо бўлиб қолгани сабабли Левченко шогирдлари ҳам бор кучини ишга солиши шубҳасиз. Шундоқ ҳам “Навбаҳор” ва “Нефтчи” қандай ўринда ва даражада бўлишидан қатъий назар водий дербисидаги шиддат ва курашни тасаввур қилиш қийин эмас.

Ўзбекистон чемпионати тарихида бу клублар 57 бор куч синашишган. Рақамлар “Нефтчи” жамоасида устунлик борлигини кўрсатяпти. Чунки “Навбаҳор”да 14 та ғалаба бор, “Нефтчи”да 26 та. Яна 17 та ўйинда кучлар тенг келиб қолган. Тўплар нисбати 56\81 фарғоналиклар тарафида.

Бу йил биринчи даврада “Истиқлол” стадионидаги баҳсда ҳисоб очилмаган – 0:0. Бу жамоаларнинг Намангандаги ўйинларида охирги пайтларда дуранглар кузатилган ва “Навбаҳор”нинг ғалабалари ҳам бор. “Нефтчи” Наманганда сўнгги бор қачон ютганини биласизми? Бунга 12 йил бўлди. 2011 йилнинг 20 июнидаги учрашувда “Нефтчи” сафарда 0:2 ҳисобида ғалаба қозонган.

“Нефтчи” 12 йилдан бери Наманганда “Навбаҳор”ни мағлубиятга учратишда муаммоларга дуч келаётгани учун ҳам мақсадига эриша олмай келяпти. Кўрамиз, “Навбаҳор” ўз уйида мавсумнинг охирги учрашувида мухлисларини хурсанд қила оладими ёки “Нефтчи” узоқ йиллик нохуш анаъасига чек қўядими? Бу тўқнашувни асло ўтказиб юборманг!

Шуҳратбек Жўраев.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Медаллар учун сўнгги олишув ёхуд Наманганда финалмонанд ўйин