Чемпионатни 45 очко билан 5-ўринда якунлаган “Нефтчи” клуби аллақачон янги мавсум учун қизғин тайёргарлик ишларини бошлаб юборган.
Фарғоналикларнинг 2024 йилги биринчиликдаги вазифалари янада жиддийлиги аниқ. Суперлига иштирокчилари орасида “Нефтчи” энг биринчилардан бўлиб, селекцияда фаолликни бошлади.
Бош мураббий Виталий Левченко таркибини янада кучли ва рақобатбардош даражага келтиришни мақсад қилган. Сайтимизни кузатаётган бўлсангиз, ҳар куни “Нефтчи” клубига доир янги трансферларни ҳамда етакчилари билан шартномалар узайтирилаётгани хусусида расмий хабарларни бериб бормоқдамиз. Клубдаги бундай шиддатли янгиликлардан кейин жамоа устози Виталий Левченко билан бу хусусида суҳбатлашмасак бўлмасди.
- Виталий Григорьевич, “Нефтчи” селекцияни жуда фаол бошлади. Лекин бу ҳали бошланиши эканлигини биламиз. Сизнинг рўйхатингизда яна кимлар бор?
- Биз учун мавсум тугагани йўқ, чунки селекция ишларини бошлаб юборганмиз. Айни пайтда аниқ исм-шарифларни айта олмайман, бунга тайёр эмасман ва буни тўғри қабул қиласиз, деб ўйлайман.
- Одил Ҳамробековни “Нефтчи”да кўрмоқчи эканлигингиз ҳақида эшитдим. У билан музокаралар қайси босқичда?
- Бироқ сиз мени ноқулай аҳволга солиб қўйяпсиз. Биласизми, селекция сокинликни ёқтирадиган иш саналади.
- Яқинда уч нафар ўйинчи клубдан кетди. Яна кимлар тарк этмоқда?
- Клубни ким ё кимлар тарк этади... Буни жамоа сайтидан билиб оласиз. Негаки, сайтимиз бундай маълумотларни бериб боради.
- Шунингдек, Лутфулла Тўраев билан Шароф Муҳитдиновни “Нефтчи”дан кетганини эшитдим...
- Буларнинг бари миш-мишлар холос. Асл ҳақиқат эса бошқа ерда.
- “Нефтчи” янги мавсумда фақат чемпионлик учун курашади, шундайми?
- “Нефтчи” ўз анъана ва қадриятларига эга бўлган клубдир. Шу боис унинг олдига доимо катта вазифалар қўйилади.
- Жамоага хорижлик янги футболчилар ҳам келса керак-а?
- Легионер футболчилар билан боғлиқ масалалар очиқ ва бу масалада ишлар олиб борилмоқда.
- Жамоангиз 18 декабрдан машғулотларни бошлайди. Кейинги режалар қандай?
- Бу хусусида сизга шуни айтишим мумкинки, бизнинг ўқув-машғулот йиғинларимиз Тошкент ва Туркияда бўлиб ўтади.
- Дарвоқе, сизни Туркияга кетди дейишди. Ҳар куни музокаралар олиб боряпсизми?
- Йўқ, Тошкентдаман. Ишлар эса ҳафтасига 24 соатдан олиб борилмоқда.
- “Нефтчи”нинг янги аъзолари – Норхонов ҳамда Қодирқулов хусусида нима дея оласиз?
- Ўша футболчилар ҳақида менда етарлича маълумотлар бор. Улар бизга ёрдам бера оладилар.
“Нефтчи” устозининг жавобларидан шуни билиш мумкинки, у сира сир бой бергиси келмаяпти. Шунинг учун жавоблари орасида бирорта ҳам фамилияни тилга олгани йўқ, ҳатто аниқ бўлган ва кетганларни ҳам. Аммо шуниси аниқки, Левченко тинмаяпти ва ҳар куни изланиш, селекция билан банд, буниси аниқ. У фақат тўйдан олдин ноғора чалишни истамаяпти, чоғи. Майли, воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Шуҳратбек Жўраев.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг