Туркия чемпионатида «Анқарагужу» ва «Ризеспор» жамоалари ўртасидаги баҳсда (1:1) ноодатий ҳолат кузатилди. Ўйиндан якунланиши билан ФИФА ҳаками Халил Умут Мелерга мезбон жамоа президенти ҳужум қилди: Фарук Хўжа майдонга чопиб чиқиб, арбитрнинг юзига мушт туширди.
Клуб раҳбари учрашув натижасидан норози бўлди. Унинг клуби 90+7-дақиқада жавоб голини ўтказиб юборди, арбитр эса ўйинга бунча вақт қўшиб бермаганди. Мезбонлар сўнгги дақиқаларда ғалабани қўлдан чиқаришидан ташқари рефери ўйин давомида уларнинг икки голини бекор қилганди.
Ҳакам бош қисмига йўлланган зарбадан кейин йиқилган ва уни «Анқарагужу»нинг бошқа вакиллари келиб тепкилаган.
Туркия ички ишлар вазири Али Ерлиқоя ушбу ҳодиса юзасидан муносабат билдирди.
«Анқарагужу» — «Ризеспор» ўйини охирида ҳакам Халил Умут Мелерга қилинган ҳужумни кескин қоралайман. Тинчлик ва дўстлик ҳукм сураётган майдонларимизда бундай ҳолатларга йўл қўйиб бўлмайди.
Биз ушбу қайғули воқеани текширамиз. Туркия номини хорижда ҳам муваффақиятли ҳимоя қилаётган ҳакамимизга эзгу тилакларимни билдираман», деган вазир.
Кейинроқ у ҳакамга ҳужум қилганлар ҳибсга олинишини маълум қилди.
«Ўйиндан кейин ҳакамга ҳужум қилган «Анқарагужу» президенти Фарук Кожа айни вақтда шифохонада ва у ердан чиқиши билан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинади.
Шунингдек, ҳакамни тепган яна икки киши ҳам қўлга олинади», деб ёзади вазир.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам «Анқарагужу» клуби президентининг ҳакамга ҳужумини қоралади.
«Бугун оқшом бўлиб ўтган «Анқарагужу» — «Ризеспор» ўйинидан сўнг ҳакам Халил Умут Мелерга қилинган ҳужумни қоралайман ва унга тезроқ тузалиб кетишини тилайман. Спорт тинчлик ва биродарликдир. У зўравонлик билан мос келмайди. Биз турк спортида зўравонликка ҳеч қачон йўл қўймаймиз», деган у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг