17 декабрь тонгида АҚШнинг Аризона штатида жойлашган "Desert Diamond" аренасида навбатдаги профессионал бокс оқшоми ўтказилади.
Чемпионлик йўлига қайтиш
Хабарингиз бор, ушбу турнир доирасида биринчи ярим енгил вазн тоифасида ўзбекистонлик профессионал боксчи Муроджон Аҳмадалиев ҳам рингга кўтарилади. Ҳамюртимизга бу сафар мексикалик Кевин Гонсалес рақиблик қилади.
Жанг WBA камари учун якуний элиминатор мақомида ўтказилади. Яъни, ғолиб WBA камари соҳибига қарши рингга чиқади. Айни дамда ушбу камар филиппинлик Марлон Тапалесга тегишли бўлиб турибди. Тапалес эса 26 декабрь куни япониялик Наоя Иноуэга қарши рингга чиқади.
Аслида, WBA ва IBF камарлари Муроджоннинг ўзида эди. Аммо ҳамюртимиз 2023 йил апрель ойида ўз камарларини Марлон Тапалесга бой берган эди.
Эндиликда ҳамюртимиз камар учун курашни бошидан бошлашига тўғри келади. Унга бу йўлдаги илк рақиб мексикалик Кевин Гонсалес бўлади.
Келинг, бугун сизлар билан бирга Муроджон Аҳмадалиевнинг бўлажак рақиби Кевин Гонсалес ҳақида сўз юритамиз:
"Эль Шакаль" тахаллусига эга Кевин Гонсалес айни дамда 26 ёшда. У 1997 йил, 14 декабрь куни Мексиканинг Кульякан шаҳрида туғилган.
Гонсалес профессионал боксдаги фаолиятини 2016 йилда бошлаган. Етти йиллик фаолияти давомида "Эль Шакаль" 27 та жанг ўтказишга улгурди. У жангларининг 26 тасини ғалаба билан якунлаган, биргина жангида дуранг қайд этилган. Аҳамият берсангиз, Муроджон Аҳмадалиевда ҳам шундай вазият: ҳамюртимиз ҳам биргина жангдан бошқа барча жангларини ғалаба билан якунлаган.
Кевин ўз вазн тоифасида Мексиканинг олтинчи рақамли боксчиси ҳисобланади (Boxrec талқиинга кўра). Дунё рейтингида эса у ўн тўққизинчи поғонадан жой олган. Таққослаш учун, Муроджон Аҳмадалиев ўз вазн тоифасида Ўзбекистонда биринчи, дунё рейтингида эса олтинчи ўринда ҳисобланади.
Гонсалесга оид энг қизиқарли фактлардан бири бу - фаолиятидаги 27 та жангининг 25 тасини ўзи туғилиб ўсган Мексикада, Кульякан ва Тихуана шаҳарларида ўтказганидир.
Кевин "Эль Шакаль" Гонсалес ҳам бошқалардан қолишмайди:)
Мексикалик боксчининг фаолиятидаги сўнгги бешта жангини айтмаганда, қолган барча жанглари яхши рекорд учун ўтказилган.
У 2016 йилда мағлубиятли сериядаги "боксчилар" билан 5 та, 2017 йилда эса 6 та жанг ўтказади. Умуман олганда, Гонсалеснинг 2021 йилгача ўтказган яна 8 та жанги кўча тилида айтганда, "мешоклар" билан ўтказилган эди.
Шундай жангларнинг бирида, аниқроғи 2018 йил октябрь ойида у ҳамюрти Адальберто Гарсия Коваррубиас (7-22-6) билан жанг қилади ва кутилмаганда жанг дуранг билан якунланади.
2021 йилдан бошлаб, Кевин тажрибали боксчилар билан жанг қилишни бошлади. У шу давр мобайнида 5 та жанг ўтказди ва барчасида зафар қучди. У шу икки йил давомида Иван Моралесни (33-3-0), Алехандро Мейяни (17-1-0), Антони Гузман (21-2-0) ва Эмануель Ривера Ниевесни (19-2-0) ҳамда Хосе Санмартинни (34-6-1) мағлубиятга учратди. У шу 5 та катта жангнинг 3 тасида очколар эвазига, яна иккитасида эса нокаут эвазига зафар қучди.
Таъкидлаш жоиз, Гонсалес 26 та ғалабасининг нақ 50 %ини муддатидан олдин қўлга киритган.
Умуман олганда, Кевин Гонсалес ўз фаолиятининг чўққисига чиқиш йўлида, десак тўғри бўлади. Уни ҳудди Муроджон Аҳмадалиевнинг Даниель Романга қарши чемпионлик жанги олдидан бўлган ҳолатига тенглаштириш мумкин. Улар орасидаги биргина фарқ, Аҳмадалиев бу йўлга оз вақтда ва нисбатан қийинроқ етиб келган.
Ҳафта охирида бўладиган жанг ҳар икки боксчи учун кейинги тақдири қандай бўлишини белгилаб беради. Муроджон ютса, яна титул жангларига қайтади. Гарчи, Гонсалес ғалабасида ҳам шундай ҳолат юз берса-да. Аҳамиятлиси, ушбу вазнда WBC ва WBO камарлари соҳиби Наоя Иноуэ ҳам ҳамюртимиз билан жангга қизиқиш билдирмоқда. Агарда, 26 декабрь куни у WBA ва IBF камарлари соҳиби Марлон Тапалесни мағлуб этган тақдирда, кейинги жангини айнан ҳамюртимизга қарши ўтазиш ниятида эканини айтган эди.
Фақатгина, бунинг учун Муроджон Аҳмадалиев ҳам ўз жангида ғалаба қозониши талаб этилади.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг