LG компанияси Смарт ТВ телевизорлари орқали кузатув олиб борилишини рад этди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- ЛГ компанияси Смарт ТВ телевизорлари орқали яширин кузатув олиб борилиши ва суҳбатлар ёзиб олиниши ҳақидаги айбловларни рад этди.
- Компания вакиллари маълумотларига кўра, овозли маълумотлар фақатгина махсус тугма босилганда ёки "Ҳи ЛГ" калит сўзи айтилгандагина узатилади ва бу функсия сукут бўйича ўчирилган бўлиб, фойдаланувчи ихтиёрида ёқилади.
Жанубий Кореянинг технология гиганти LG компанияси ўзининг Смарт ТВ телевизорлари орқали фойдаланувчилар устидан яширин кузатув олиб борилиши ҳамда уларнинг суҳбатлари ёзиб олиниши ҳақидаги айбловларга расмий муносабат билдирди. Tom’s Hardware нашрининг хабар беришича, мазкур баёнот Gamers Nexus томонидан ўтказилган кенг кўламли журналистик суриштирувдан сўнг эълон қилинган бўлиб, у рақамли хавфсизлик ва шахсий маълумотлар дахлсизлиги масаласида жиддий муҳокамаларни келтириб чиқарганди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, илгари эълон қилинган суриштирувда дунё бўйлаб 216 миллиондан ортиқ LG телевизорлари ҳатто ўчирилган ҳолатда ҳам фойдаланувчиларнинг овозини ёзиб олиш имкониятига эгалиги иддао қилинганди. Шунингдек, овозли буйруқлар шифрланмаган ҳолда сақланиши ҳамда уй тармоғидаги бошқа қурилмалар ҳақидаги маълумотлар ҳам йиғиб борилиши ҳақида хабарлар тарқатилганди. Бу ҳолат миллионлаб истеъмолчиларда ўз қурилмаларининг хавфсизлиги юзасидан ҳақли саволларни туғдирганди.
LG компаниясининг расмий позицияси
Компания вакиллари мазкур айбловларни кескин рад этиб, телевизорлар ҳеч қандай доимий яширин ёзиб олиш жараёнини амалга оширмаслигини маълум қилди. LG баёнотига кўра, овозли маълумотларни узатиш жараёни фақатгина иккита ҳолатда – пултдаги махсус овозли ёрдамчи тугмаси босилганда ёки «Hi LG» калит сўзи аниқ айтилгандагина бошланади.
Шунингдек, ишлаб чиқарувчи овозли фаоллаштириш функцияси сукут бўйича ўчирилган бўлишини ва уни фойдаланувчининг ўзи фақат ихтиёрий равишда ёқиши мумкинлигини тушунтирди. Калит сўзни таниб олиш жараёни тўғридан-тўғри телевизорнинг ўзида бажарилади. Бу эса қурилма атрофдаги барча суҳбатларни ёзиб олиб, ташқи серверларга жўнатмаслигини англатади.
Уй тармоғи ва реклама сиёсати
Смарт ТВ қурилмаларининг локал тармоқдаги бошқа гаджетларни аниқлаши ҳақидаги иддаоларга тўхталиб ўтар экан, LG буни замонавий телевизорларнинг стандарт имконияти деб атади. Бироқ HDMI орқали уланган қурилмалар тасвирларини таҳлил қилиш масаласида компания барча фойдаланувчиларга тегишли шартларни эслатиб ўтди.
Компания маълумотларига кўра, HDMI орқали уланган қурилмалар тасвирини таҳлил қилиш фақатгина фойдаланувчи шахсийлаштирилган реклама ва тавсияларга розилик берган тақдиридангина амалга оширилади. Шу билан бирга, тармоқда тарқалган энг жиддий айбловлардан бири – овозли буйруқларнинг шифрланмаган ҳолда серверларда сақланиши масаласи компаниянинг расмий баёнотида изоҳсиз қолдирилди.






























Изоҳлар 0
…