
Бир неча йилни Жиззахнинг “Сўғдиёна”сида ўтказган ярим ҳимоячи Жавоҳир Қаҳрамонов у ерда охирги пайтларда жамоа сардори сифатида тўп сурди. Бу йил эса “Нефтчи” шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. Бу хусусида футболчи Sports.uz сайтига интервью берди.
- Жавоҳир, "Нефтчи" клубига кўчиб ўтдингиз. Бу қарорингиз фаолиятингизда нимани ўзгартиради, деб ўйлайсиз?
- Тўғриси, “Нефтчи”га ўтганимдан хурсандман. Бу жамоа билан насиб қилса, юқори ўринларни олишни истайман.
- Бир неча йил мобайнида "Сўғдиёна" учун ўйнадингиз. У ерда кумуш медални қўлга киритганингиз энг яхши натижангиз бўлса керак ва ОФК Кубогида ҳам иштирок этдингиз. Сиз бундан ортиғини кутмаган бўлсангиз керак, нима дея оласиз?
- Ҳа, “Сўғдиёна”да зўр даврлар ўтказдик. Фақат 2023 йилда нимадирлар ўхшамади. Жамоа мухлислари ҳамда раҳбариятига раҳмат айтиб қоламан ва уларга омад тилайман.
- Умуман айтганда, "Сўғдиёна"дан нима учун кетдингиз? Ёки узоқ йил бир жойда ўйнаб зерикдингизми?
- Тўғрисини айтсам, бошқа клубда ўзимни яна бир бор синаб кўргим келди. Шу боис ўзгартиришга қарор қилдим.
- “Сўғдиёна” бош мураббийи Иван Бошкович билан "Нефтчи" устози Виталий Левченко ўртасида қандай фарқ бор?
- Иван Бошкович яхши мураббий. Албатта, унга ҳам миннатдорлик билдираман. Виталий Левченко ҳам жуда тажрибали. Аммо уларнинг фарқини ҳали унчалик яхши билмайман. “Нефтчи”га тез орада қўшиламан.
- Сир бўлмаса, олдингизда яна қандай таклифлар бор эди? Билишимча, четга легионер бўлиб кетишингиз ҳам мумкин эди. Нега бу имкониятдан фойдаланмадингиз?
- Ҳа, вариантлар чиқди. Лекин Ўзбекистондан ҳам яхши таклиф бўлгани учун “Нефтчи”ни танладим.
- "Нефтчи" чемпионлик учун курашяпти. "Пахтакор"дан чемпионликни тортиб олишига қанчалик ишоняпсиз?
- “Нефтчи” клубида чемпионлик учун ҳамма нарса бор. Насиб қилса, янги мавсумда янада кучлироқ “Нефтчи”ни кўрасизлар.
- Қайси рақамни танладингиз ва сиздан катта натижаларни кутаётган фарғоналик мухлисларга нима деган бўлардингиз?
- Ҳали рақам танламадим. Янги йил байрами билан ҳаммани табриклайман. Мухлисларимизга янги йилда омад тилайман. Худо хоҳласа, барчаси яхши бўлади.
Шуҳратбек Жўраев.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.