“Рома” раҳбарияти кутилмаганда Жозе Моуриньони истеъфога чиқариб, дарров унинг ўрнига клуб афсонаси Даниеле де Россини бош мураббий қилиб тайинлади.
Corriere dello Sport нашрининг таъкидлашича, португалиялик мураббийнинг кетишига клуб хўжайини Дэн Фридкин билан юзага келган зиддият сабаб бўлган.
Манбага кўра, Моуриньо ишдан олинишини кутмаган ва бу хабарни эшитганда жумбушга келган. Фридкинлар оиласи Моуриньо йўл қўйган камчиликларни унинг ўзига айтган, мураббий эса, хўжайинларни берилган ваъдаларни бажармаганликда айблаган.
Аксарият манбалар Дэн Фридкин “Рома” Европа Лигасида “Севилья”га ютқазганидан кейин Жозе Моуриньони истеъфога чиқариш қарорига келганини ёзмоқда.
Дэн Фридкинга Жозе Моуриньо мунтазам ҳакамларни айблаб келгани, клубнинг трансфер сиёсатини танқид қилишни тўхтатмагани ва айрим ўйинчилар билан келиша олмай қолгани ёқмаган.
Хусусан, бош мураббий жамоанинг етакчи ўйинчиларидан Крис Смоллинг, Леонардо Спинаццола, Лоренцо Пеллегрини ва ўзи танлаган Ренато Саншеш билан зиддиятга борган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг