15:16 / 02.02.2024
299

Сречко Катанец: "Қатар қўрқиши керак бўлган жиҳатларимиз етарлича"

Сречко Катанец: "Қатар қўрқиши керак бўлган жиҳатларимиз етарлича"
Осиё кубоги чорак финали доирасидаги Қатар - Ўзбекистон учрашувидан олдинги матбуот анжуманида терма жамоамиз бош мураббийи Сречко Катанец ва ярим ҳимоячи Одил Ҳамробеков иштирок этди. Улар матбуот анжуманида журналистлар томонидан берилган саволларга қуйидагича жавоб қайтарди.

- Мураббий ва ўйинчининг учрашув ҳақида фикрлари қандай?

Сречко Катанец
: Қийин ўйин бўлишини биламиз. Етарлича дам олдик. Ўйинчиларимиз Қатар билан баҳсга тайёр. Мен ҳам ғалаба қозониши учун қўлимдан келган барча ишни қиламан. Эртага яхши ўйин кўрсатамиз деб ўйлайман.

Одилжон Хамробеков: Турнирдаги навбатдаги рақибимиз амалдаги чемпион ҳисобланади. Қатар термаси ўз мухлислари қаршисида ўйнайди. Жамоада иқтидорли ва тажрибали ўйинчилар бор. Эртанги учрашувга 100% тайёрмиз.

- Жаноб мураббий, олдинги ўйинда Диёр Холматовга имкониятга берилди. Унинг ҳаракатлари ҳақида нима дея оласиз?
Сречко Катанец: Диёр жуда яхши ўйин кўрсатди. Жавобим қисқа. Биринчи расмий ўйинда бундай ҳаракат қилиши мени ҳам бироз ҳайрон қолдирди. Дубайдаги йиғинда Диёр ўзини кўрсата олганди. Эртага у майдонга тушадими йўқми, буни кейинроқ ҳал қиламан.

- Одилжон, бунгача Шукуров билан тандемда ўйнаётгандингиз, Таиланд билан баҳсда Холматов билан. Уларни таққослай оласизми?

Одил Ҳамробеков: Биласиз, Диёр билан клубда ҳам бирга ўйнайман. У жуда иқтидорли йигит. Мен билан ўйнаётган икки футболчини таққослаш хато бўлади. Иккала ўйинчининг ҳам ўзига ҳос тарафлари бор.

- Одилжон, 2018 йилги U-23 Осиё кубогидаги биринчи ўйинимиз айнан Қатар термасига қарши бўлганди. Ўша учрашувда мағлуб бўлганмиз, лекин якунда турнирда ғолиб бўлгандик. Қатарнинг ўша пайтдаги таркибида Акром Афиф ва Алмоез Али каби футболчилар бор эди. Эртага уларни тўхтатиб қола оламизми?
- Матбуот анжумани бошида иқтидорли ўйинчилар деганимда, айнан уларни назарда тутгандим. Эртага Қатар таркибида 11 нафар футболчи бор. Шундай экан, биз бутун жамоани тўхтатишга ҳаракат қиламиз. Эртага Қатарга қарши бор кучимиз билан ҳаракат қилиб, ғалаба қозонишимизга умид қиламан.

- Жаноб мураббий, олдинги матбуот анжуманида жароҳатлар ва касалликлар ҳақида гапирдингиз. Бугунги кунда жамоанинг ҳолати қандай?
- Бугун ҳали жамоа билан кўришмадим. Менимча, ҳолат яхшиланган. Жароҳатланганлар бўйича деярли ҳеч нарса ўзгармаган. Бетоб ўйинчилар эса ўзларига келиб олишган бўлса керак.

- Олдинги Осиё кубогида Ироқ терма жамоаси мураббийи эдингиз ва айнан Қатар терма жамоасига мағлуб бўлиб, турнирни тарк этгансиз. Бу сафар Қатарга қарши ўйинда ғалаба қозона оламан деб ўйлайсизми?
- Мағлуб бўлганимни эслатганингиз учун "раҳмат". Кўрфаз кубоги очилиш ўйинида Қатарни мағлуб қилганимни ҳам эслатиб ўтмоқчиман. Менинг ишим жамоани тўғри тайёрлаш, уларга ишонаман. Қатарга қарши тўғри ўйин қура олишимиз лозим. Қатар қўрқиши керак бўлган жиҳатларимиз етарлича. Мураббий ғалаба қозонса, уни барча ақлли деб ҳисоблайди. Аслида эса натижа ўйинчиларнинг ҳаракатларига, ўша пайтдаги вазиятга, жароҳатлар ва яна бошқа кўп факторларга боғлик бўлади. Биз аллақачон яхши босқичгача етиб келдик. Қатарга қарши ўйин олдидан қўрқадиган нарсамиз йўқ.

- Жаноб Катанец, аввалги турнирларда ўз иштирокимизни нимчорак финалда тўхтатгандик. Бу сафар эса аллақачон чорак финалга етиб келдик. Минимум вазифа бажарилди деб ҳисобласа бўладими?
- Эртага олдимизда чорак финал ўйини турибди. Қатарга қарши энг яхши ўйинимизни кўрсатишимиз шарт. Мен доим битта ўйинга эътибор қаратишимни айтиб келганман. Шундай экан, бор эътиборим Қатарга қарши баҳсда. Нима яхши, нима ёмон кейин маълум бўлади. Бизда яхши ўйинчилар етарли. Чорак финалга чиқдик, буёғига йўқотадиган нарсамиз йўқ.

- Австралияга қарши ўйиндан кейин рефери қарорлари учрашувга катта таъсир ўтказиши мумкинлигини айтдингиз. Эртага мезбон жамоага қарши ўйнайсиз. Сизда ҳакамлар масаласида хавотир йўқми?

Матбуот анжумани расмийси: Бу саволни ўтказиб юборишга мажбурмиз.

- Саволим Одилжонга. Кўпчилик фақат мағлубиятлар ҳақида эслади, мен эса ғалабаларни ёдга олмоқчиман. 2011 йил Қатардаги Осиё кубогида айнан мезбон жамоани мағлуб қилганмиз. Голни сизнинг адашингиз киритган. Кўпчилик мухлислар ўша анъанани давом эттиришингизни исташяпти. Таиланд билан ўйинда мухлислар сони бўйича тенглик бор эди. Эртага қатарлик мухлислар стадионда анча кўп бўлиши аниқ. Жамоа ўйинчилари бу босимга қанчалик тайёр?

Одил Ҳамробеков: - Стадион тўла бўлса, иккала жамоа учун ҳам бу яхши. Бу бизга ҳеч қандай қийинчилик тўғдирмайди деб ўйлайман. Биз "Бунёдкор" стадионида мухлислар билан тўлганда қанчалик яхши ҳаракат қилган бўлсак, Қатар ҳам шундай ҳаракат қилади. Эртага майдонда боримизни берамиз.

Сречко Катанец: Бояги журналистнинг ҳакам ҳақидаги саволига қисқа жавоб бериб кетмоқчиман. Эртага ҳакамларга омад!

Жалолхон Иноғомхўжаев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Сречко Катанец: "Қатар қўрқиши керак бўлган жиҳатларимиз етарлича"