Россия Премьер-лигасининг аксарият мухлису мутахассисларини мавсумнинг биринчи қисмида асосий кашфиётга айланган Аббосбек Файзуллаев чемпионатнинг қолган ўйинларида қандай ҳаракат қилиши қизиқтирмоқда.
20 ёшли футболчимиз Қатарда отказилган Осиё кубогида ҳам ёрқин ўйин кўрсатганидан кейин хориж клублари кузатувида экани ҳақида бир қатор маълумотлар тарқатилди.
Айрим экспертлар ЦСКА мавсумни қайси ўринда якунлаши кўп жиҳатдан ўзбек легионерининг ўйинига боғлиқ эканини таъкидламоқда.
ЦСКАнинг собиқ ҳужумчиси Валерий Масалитин “армиячилар”ни Германия чемпионатини остин-устун қилиб ташлаган “Байер” сингари ўйнашга чақирди. Маълумки, леверкузенликлар испаниялик мураббий Хаби Алонсо қўл остида мавсумни мағлубиятсиз ўтказмоқда.
“Байер” Бундеслиганинг 23 та учрашувида ҳали мағлубиятга учрагани йўқ, бу беллашувларнинг 19 тасини ўз фойдасига ҳал қилди ва тўрт маротаба дуранг ўйнади. Леверкузенликлар фақат амалдаги чемпион “Бавария”, иккала “Боруссия” ва учинчи ўринда бораётган “Штутгарт” билан очко бўлишди.
Иккинчи даврада “Бавария” дарвозасига жавобсиз учта гол уриб, очколар орасидаги фарқни саккизтагача оширди ва чемпионликка асосий даъвогар бўлиб турибди.
Тажрибали эксперт Валерий Масалитин ЦСКАга “Байер”ни ўрнак қилиб, қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратиш лозимлигини маслаҳат берди.
- Баҳордан бошлаб ЦСКАдан ҳужумкор футбол кутиб қоламан, чунки шунда голлар бўлади, гол урилса, ғалабалар ҳам келади. ЦСКАда ҳужумкор футболга мослашган футболчилар гуруҳи бор, фақат улардан фойдаланишни билиш керак, балки ўйин схемасини ўзгартириш лозимдир.
Ҳар бир мураббий ўйинда балансни топишни истайди, лекин буни фақат кам сонли мутахассислар эплай олади. Келинг, мана шу ишни “Байер”да уддалаган Хави Алонсони мисол келтирайлик.
У клубга келганидан кейин, нималарнидир ўзгартирди, ҳаммани керакли жойга қўйди ва жамоа супер даражага кўтарилди.
“Байер” икки нафар плеймейкер билан ўйнайди, уларда кичкинагина Флориан Вирц бор, у худди Аббосбек Файзуллаевга ўхшайди. Бу футболчи бутун майдонни ағдар-тўнтар қилиб ташлайди, унга ҳеч қандай чеклов қўйилмаган, лекин ҳимояланиш вақтида ортга қайтиб, ҳимояга ҳам ёрдам беради. Ҳужум вақтида эса, у ҳар жойда пайдо бўлади.
Агар ЦСКА бош мураббийи Владимир Федотов Аббосбек Файзуллаевни чап қанотга, Иван Обляковни ўнг тарафга биринтирмасдан, уларга эркинлик берганида эди, ҳаммаси яхши томонга ўзгарган бўларди.
Бу икки футболчини рамкага солиб, қанотларга боғлаб қўйиб бўлмайди, шу сабабли улар бор маҳоратини намоён эта олмаяпти, - деди Валерий Масалитин.
Эслатиб ўтамиз, Аббосбек Файзуллаев ўтган йилнинг август ойида “Пахтакор”дан ЦСКАга кўчиб ўтганидан кейин қисқа фурсатда “армиячилар”нинг етакчи ўйинчисига айланди. Мавсумнинг биринчи қисмида ЦСКАнинг деярли барча ҳужумлари Аббосбек Файзуллаев орқали ташкил этилди.
Ҳамюртимиз Москва клубига кўчиб ўтганидан буён барча турнирларда 18 маротаба майдонга тушиб, иккита гол ва тўққизта ассист муаллифи бўлгани ҳам легионеримизнинг ЦСКА ўйинига таъсири катта эканидан далолат бермоқда. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади