16:04 / 30.07.2024
729

Чемпион боксчимизнинг Олимпиадада қўллаган жанг услуби америкаликларни ҳайратга солди

Чемпион боксчимизнинг Олимпиадада қўллаган жанг услуби америкаликларни ҳайратга солди
Бокс – Ўзбекистон спорт делегациясига йирик мусобақаларда энг кўп медаль жамғаришга ёрдам берадиган спорт турларидан бирига айланган.

Ўзбек бокс мактаби бугунги кунда дунёда ҳақли равишда энг кучлилардан бири сифатида эътироф этилаётгани ҳам бежиз эмас, албатта.

Париж шаҳри мезбонлик қилаётган ёзги Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик ишқибозлар эркаклар ўртасидаги етти вазнда иштирок этаётган чарм қўлқоп усталаридан улкан ғалабаларни кутмоқда.

Биринчилардан бўлиб рингга кўтарилган Руслан Абдуллаев илк баҳсда мексикалик тажрибали боксчи Мигель Анхель Мартинесни катта устунлик билан мағлубиятга учратди.

Вазни 63,5 килограммгача боксчилар баҳсида қатнашаётган Русланнинг шиддатли жанг услубини америкалик мутахассислар ҳам алоҳида тилга олмоқда.

- Ўзбекистонлик Руслан Абдуллаев мексикалик рақиби Мишель Анхель Мартинесни мағлубиятга учратди – 5:0.

Руслан 21 ёш эканига қарамай, жуда интизомли ва ўзини йиғиб олган боксчи. У жуда сабрли, ҳаракатлари жуда барқарор ва шиддатли.

Мартинес ўзаро жангда бор имкониятларини ишга солди, лекин рақибини бурчакка қисиб қўйишни уддалай олмади. Чунки Абдуллаев ҳар бир раундни ўз фойдасига ҳал қилди ва бу барча ҳакамларнинг ҳисоб-китоб варағида қайд этилган эди
, - деди АҚШнинг боксга ихтисослашган машҳур badlefthook.com сайти эксперти Скотт Крайст.

Руслан Абдуллаев ёш бўлишига қарамай, ҳаваскорлар боксида жуда катта натижаларни қўлга киритиб келмоқда.

Истеъдодли боксчимиз 2021 йили бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатида ғолиб чиқди ва шу йили мамлакатимизнинг энг яхши чарм қўлқоп устаси сифатида эътироф этилиб, “Руфат Рисқиев кубоги” билан тақдирланди.

Бу ғалаба Русланга халқаро миқёсдаги нуфузли йирик мусобақаларга йўл очди. 2022 йили Абдуллаев Иорданиянинг Амман шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатижда 63,5 килограммгача вазн тоифасида барча рақибларини мағлуб этиб, қитъада тенгсизлигини исботлади.

2023 йили Тошкент шаҳри мезбонлик қилган жаҳон чемпионатида Руслан Абдуллаев ўз вазнида дунё миқёсида ҳам тенги йўқлигини кўрсата олди. Пойтахтимиз рингларида барча рақибларини мағлуб этган ҳамюртимиз жаҳон чемпиони, деган шарафли номга сазовор бўлди.

Бокс ва яккакураш турлари бўйича асосий маълумотлар базаси ҳисобланган boxrec.com порталида Русланбек Абдуллаев ҳаваскорлар боксида жамоа 48 та учрашувда рингга чиққани, улардан 44 тасида ғалаба қозонгани ва атиги тўрт маротаба мағлуб бўлгани қайд этилган.

Париж Олимпиадасида Руслан Абдуллаевнинг чорак финлдаги рақиби канадалик Вайтт Санфорд бўлади. Ярим финал йўлланмаси тикилган ушбу жанг 1 август куни ўтказилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Чемпион боксчимизнинг Олимпиадада қўллаган жанг услуби америкаликларни ҳайратга солди