Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев олимпиадада тарихий натижа кўрсатган ўзбекистонлик бир гуруҳ спортчилар билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлат раҳбари чемпионликни қўлга киритган боксчилар Баҳодир Жалолов ва Абдумалик Ҳалоков, эркин курашчи Разамбек Жамалов, кумуш медалларга сазовор бўлган таэквондочи Светлана Осипова ва оғир атлетикачи Акбар Жўраев ҳамда бронза медали соҳиби эркин курашчи Ғуломжон Абдуллаевни Ўзбекистон халқи номидан табриклаб, мураккаб курашларда кўрсатган юксак маҳорати ва матонати учун миннатдорлик билдирди.
Шавкат Мирзиёев уларнинг ота-оналари ва мураббийларига эл-юртга муносиб шундай ўғил-қизларни тарбиялагани учун раҳмат айтди.
“Сен Ўзбекистон аёллари орасида биринчи бўлиб таэквондо бўйича олимпия медали совриндори бўлдинг. Барчамиз ҳар бир чиқишингни ҳаяжон билан кузатдик. Юксак жанг санъати ва ҳақиқий жангчи руҳини намойиш этдинг. Сен билан жуда фахрланамиз”, – деди президент Светлана Осиповага.
Давлат раҳбари Баҳодир Жалолов билан суҳбатда у ўз ваъдасининг устидан чиққанини эътироф этди.
“Тарихий ғалабанг билан чин қалбимдан табриклайман. Энг оғир вазнда тенгсиз эканингни яна бир бор бутун дунёга кўрсатдинг. Бу бизларга жуда катта фахр, ғурур-ифтихор бағишлади. Парижда ҳам олтин олиб келишга ваъда берган эдинг, бугунги тарихий зафаринг шу ваъдага мос бўлди. Катта-катта ғалабалар ҳали олдимизда. Пойтахтимизда номингга очилган бокс бўйича спорт маҳорати мактабида яна юзлаб, минглаб ўзбек баҳодирлари катта рингларга тайёрланишига ишонаман”, – деди у.
Шавкат Мирзиёев фурсатдан фойдаланиб боксчиларимизнинг бош мураббийси Тўлқин Қиличев тезда соғайиб кетишини тилади.
Спортчилар президентнинг шахсий эътибори уларга кучли мотивация бергани, мукаммал тайёргарлик кўришлари учун барча имконият яратилганини қайд этиб, ташаккур изҳор этишди. Ўзбекистон спортининг янги тарихини яратишда бундан буён ҳам астойдил меҳнат қилишга, янада юксак марраларга эришишга ваъда беришди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон жами 13та медал – 8та олтин, 2та кумуш ва 3та бронза билан Олимпиадани умумжамоа ҳисобида 13-ўринда якунлади.
Бир неча соатдан кейин бошланадиган олимпиаданинг тантанали ёпилиш маросимида Ўзбекистон делегацияси байроқдори вазифасини таэквондо WT бўйича икки карра олимпия чемпиони Улуғбек Рашитов бажаради. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”