14:00 / 11.01.2025
25

Йил тўқнашуви: Ҳабиб Нурмагомедов яна Конор МакГрегорга қарши!

Йил тўқнашуви: Ҳабиб Нурмагомедов яна Конор МакГрегорга қарши!
Аксарият ММА ихлосмандаллари 18 январни кутаётган бўлса ажаб эмас, сабаби ўша куни "UFC 311" турнири ташкил этилади ва унда Ислам Махачев Арман Царукян билан жанг қилса, Мераб Двалашвили Умар Нурмагомедовга қарши октагонга кўтарилади. Албатта, ажойиб жанг кечаси бўлишига шубҳамиз йўқ. Зеро икки марказий жангдан бошқа қизиқарли ўтиши кутилаётган қарама-қаршиликлар ҳам бор.

Бироқ, бир ҳафтадан кейин унданда эътиборга молик бўлиши кутилаётган турнир ҳам бор. Ҳа, бу Дубай шаҳри мезбонлигадиги Беллатор турнири... Нега энди Беллатор турнири UFC рақамли турнирини ҳам ортда қолдириши мумкин деган савол туғилиши табиий.

Бунга аниқлик киритиб ўтамиз. Ҳа, марказий жанг иштирокчилари Усмон Нурмагомедов ва Пол Хьюз машҳурлик бобида Ислам, Мераб, ҳаттоки Иржи Прохазка каби бўлмаса-да, унинг атрофидаги "шахс"лар ҳақиқий ММАнинг тирик афсоналаридир! Яъни, ММА оламини "портлатган" ва таъбир жоиз бўлса, UFCни чўққига олиб чиқишган ирландиялик Конор МакГрегор ва Ҳабиб Нурмагомедов ушбу турнирда яна тўқнаш келиши мумкин.

Ҳа, тўғри ўқияпсиз улар яна октагонда дуч келишлари мумкин. Фақат бу сафар секундант ва мураббий сифатида, 25 январь куни Дубай шаҳрида Беллатор промоушени навбатдаги турнирини ўтказади. Bellator Championship Series турнирининг марказий жангида енгил вазн (70,3 кг) тоифаси вакиллари юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Усмон Нурмагомедов ва Пол Хьюз тўқнаш келишади.

Маълумки, Усмон Ҳабибнинг жамоаси ва яқини ҳисобланса, Пол Хьюз шимолий ирландиялик ва у интервьюларнинг бирида Усмон билан жанг бурчагида Конор МакГрегор бўлишини айтиб ўтганди. Хуллас, бевосита жанг супер кўриниш олса, жанг атрофидаги воқеликлар ҳам "даҳшат"ли кўринишда бўлади, десак янглишмаган бўламиз. Бир сўз билан айтганда 25 январь куни Дубай шаҳри ва турнир "ёнади"!

Келинг, Пол Хьюз ва Усмон Нурмагомедов жанги борасида ва уларнинг имкониятлари бобида бироз тўхталиб ўтамиз.

Демак, Пол Хьюз (13-1) аслида қандай жангчи?

Шимолий ирландиялик ажойиб истеъдод! Ранг-баранг услубга эга бўлган, қайтмас жангчи. Кучли характер эгаси. Асосий зарбани ўнг қўлида йўллайди. "Тэйк-даун"дан ҳимояси ҳам зўр. Кураши ҳам чакки эмас. "Партер"даги назорати ҳам ёмон эмас. Айниқса унинг хавфли "қурол"и "учар тиззалар"дир. Одатда, у биринчи рақам бўлиб ҳаракат қилишни афзал кўради. Кардиоси борасида ҳам мақтана олади. Зарбалари ҳам кучли кўриниш олади. Икки қўлда бирдек зарба йўллай олади.

Хуллас, мукаммал жангчига яқинроқ даражада, лекин у фаолияти мобайнида Усмон Нурмагомедов даражасидаги рақибга дуч келмаган. Тўғри у сўнгги жангида Беллатор собиқ чемпиони AJ Маккини шунчаки дабдаласини чиқарди. Аммо Маккини ҳозирги даражаси у қадар мақтовга арзигулик эмасди.

Қолаверса, Усмон билан солиштирганда анча кучсиз десак муболаға қилмаган бўламиз. Хьюз 13 та ғалаба ва бир мағлубият қайд эхтган. Ғалабаларининг 6 тасини техник нокаут ва нокаут орқали, 3 та сабмишн ва 4 тасини очколар эвазига қўлга киритган. Биргина мағлубиятини англиялик Жордан Вученичдан қабул қилиб олган ва уни реваншда мағлубиятга учратишга ҳам улгурган.

Усмон Нурмагомедовнинг (18-0) устунлик жиҳатлари

Усмон барча жабҳада ундан устун десак, янглишмаган бўламиз. Яъни бўй борасида ҳам 10 см баландроқ. Қўлларининг узунлиги ҳам Усмонга асқотади. "Стойка", кураш борасида ҳам кичик Нурмагомедов ундан салоҳиятлироқ. Лекин бу ММА ва унда биргина кучли зарба жанг тақдирини ўзгартириб юбориши мумкин. Бундай "лаки панч"лар эса Хьюзда бор. Агар жанг кўпроқ "стойка"да кечса, яқин масофа доғистонлик учун хавф туғдириши мумкин.

Масофадан эса Усмон ўзини "сувдаги балиқдек" хис қилади. Усмонда зўр жамоа бор ва уни Ҳабиб жангга кўнгилдагидек тайёрлай олди, назаримизда. Чунки, жамоада кимлар борлигини ва қандай спарринг шериклар ишлаганини ўзингиз яхши биласиз. Усмон 18 та ғалабасини 8 тасини КО, ТКО, 6 та сабмишн ва 4 тасини очколар эвазига қўлга киритган.

Имкониятлар...

Хьюзни ҳар қанча истеъдодли бўлмасин, у Усмонга жиддий қаршилик кўрсата олиши қийин. Барибир Усмон Нурмагомедов бошқа даража. Хьюз Александр Шаблий даражасида ҳам Усмонга бошоғриқ бўла олмайди. Албатта, бу менинг шахсий фикрим. Жанг муддатидан аввал Усмоннинг ғалабаси билан якунланса керак.

Яъни техник нокаут билан. Узоғи 3-раундда Усмон ушбу натижани қайд этади. бу дегани яна Конор МакГрегор Ҳабиб томонидан мағлуб этилади, дегани... Ҳа, жангдан сўнг, яна интернет олами "портлайди". Эҳтимол, жанг вақтидаёқ бу содир бўлар. Хуллас, қандайдир сюрприз албатта бўлади!
Аҳмадбек Эшматов тайёрлади

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Йил тўқнашуви: Ҳабиб Нурмагомедов яна Конор МакГрегорга қарши!