08:40 / 21.02.2025
5 826

Раньери Элдор Шомуродов ҳақида нималар деди?

Раньери Элдор Шомуродов ҳақида нималар деди?
“Рома” УЕФАнинг энг нуфузли турнирларидан бири – Европа лигасининг плей-офф ўтиш учрашувида кучли рақиб “Порту”га дуч келиб, бу тўсиқдан муваффақиятли ўтди.

Сафардаги биринчи беллашувдан римликлар 1:1 ҳисобидаги дуранг билан қайтган эди. “Олимпико”даги баҳс ҳам римликлар учун қийин бошланди. Мезбонлар 27-дақиқада дарвозабон Свиларнинг хатоси туфайли гол ўтказиб юборди.

Ўйинда бурилишни Элдор Шомуродов ва Пауло Дибала ясади. Легионеримиз аргентиналик юлдузни чиройли комбинация билан дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқарди. Элдордан ассист. Кейинроқ Шомуродовнинг ўзи ҳам гол урганди. Бироқ оффсайд туфайли бу ҳисобга олинмади.

Баҳс 3:2 ҳисобида “Рома” фойдасига ҳал бўлди. Шу тариқа, “Рома” қаторисига 11-маротаба Европа миқёсидаги халқаро турнирларда 1/8 финалда ўйнайдиган бўлди. “Бўрилар” 2015 йилдан бери УЕФА таснифидаги уч мусобақа – Чемпионлар лигаси, Европа лигаси ва Конференциялар лигасида бу босқичга йўлланма олиб келаётган Италиянинг ягона жамоаси ҳисобланади.

Бу орада римликлар 2022 йили илк бор ўтказилган Конференциялар лигасининг биринчи ғолиби бўлди. Кейинги йили Европа лигаси финалида ўйнади. Бу гал ҳам Клаудио Раньери Европа лигаси бош совринини қўлга киритиб, жамоасини Европа Чемпионлар лигасига олиб чиқмоқчи.

73 ёшли таниқли мураббий ўйиндан кейин интервью бериб, Элдор Шомуродов ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

- Жамоада зўр футболчиларнинг жамлангани қийин рақибларни енгишда қўл келмоқда. Хусусан, Пауло Дибала каби ўйинчининг таркибда борлиги кўп нарсани ҳал қилади. У жамоани ўз ортидан эргаштира олади.

Пауло кам гапиради. Лекин гапирганида доим керакли гапларни топа олади. Айнан унинг ёрдамида ўйин сценарийсини ўзгартира олдик.

Натижадан хурсандман. Лекин бу билан тўхтаб бўлмайди. Биз жамоа сифатида ҳали такомиллашиб боришимиз керак. Биз қарши ҳужумларда гол ўтказиб юбораётганимизни ҳамма билади. Чунки ўзимиз шунга шароит яратиб беряпмиз. Масалан бу галги баҳсда ҳам 3:1 ҳисобида олдинда бораётган бўлсак-да, футболчилар яна олдинга ташланишди. Оқибатда ҳисобдаги фарқ қисқарди. Бунга йўл қўйиш керак эмас.

Мен Элдор Шомуродовнинг ҳисобига гол ёзилмаганидан афсусландим. Бу футболчи борини беряпти, жуда кўп югуряпти. У ҳар доим ёрдам беришга тайёр. Югурганда ҳам шунчаки югурмайди. Элдор майдонни яхши кўра олади, техникаси ҳам жойида. Мен уни бутун қалбим билан яхши кўраман, - деди Клаудио Раньери.

29 ёшли Элдор Шомуродов жорий мавсумда А Серия, Италия кубоги ва Европа лигасида жами 22 та учрашувда иштирок этиб, учта гол ва иккита ассист муаллифи бўлди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт