
Клаудио Раньери бошқарувига ўтганидан кейин ўйини кучайган “Рома”нинг Европа лигасидаги юриши нимчорак финалда тўхтади.
Бу босқичда Бильбаонинг “Атлетик” клубига тўқнаш келган римликлар биринчи учрашувда Элдор Шомуродовнинг голи эвазига 2:1 ҳисобида ғолиб чиққани боис, мусобақани давом эттириш имконияти бор эди.
Лекин Испаниядаги ўйин Клаудио Раньери шогирдлари учун ўта омадсиз бошланди. Тажрибали ҳимоячи Матс Хуммельс 11-дақиқадаёқ майдондан ҳайдалиб кетди.
“Атлетик” бир киши кам бўлиб қолган рақибни таслим қилишга қийналгани йўқ.
Клаудио Раньери ўйинни қутқариш мақсадида қатор ўзгаришларга қўл урди ва Элдор Шомуродовни 61-дақиқада майдонга туширди. Легионеримиз ҳарчанд уринмасин жамоаси 1:3 ҳисобида ютқазиб, мусобақани тарк этди.
“Рома” фаолиятини ёритиб келаётган laroma24.it сайти римлик футболчиларнинг Бильбаодаги ўйинини қуйидагича баҳолади.
СВИЛАР 6.5:
Қўлдан келганича, жамоасини голлардан қутқаришга ҳаракат қилди. Бироқ “Атлетик” босими қаршисида уч марта ожиз қолди.
МАНЧИНИ 5.5:
Ҳимоядаги вазифаларини тўлиқ бажара олгани йўқ. Рақибни тўхтатиш учун имкониятидан юқорироқ ўйнаши керак эди.
ХУММЕЛЬС 3:
Катта хато.
НДИКА 5.5:
Бу ўйинда қаҳрамонлар керак эди. Ндикани улар қаторига қўшиб бўлмайди.
РЕНШ 6:
“Рома” ҳимоячилари орасида шу футболчи нисбатан яхши ўйнади. Лекин бу натижага камлик қилди.
КРИСТАНТЕ 5:
Стандарт вазиятларда хавфли ўйинчига айлана олди. Бироқ Нико Уильямсга қарши ҳеч нарса қилолмади.
ЭЛ-ШААРАВИ 6.5:
Ўйин охирида майдонга тушиб, пенальти ишлади.
ПАРЕДЕС 5.5:
Асабий ўйнади, ҳимояланиш қобилияти етишмади. Пенальтини аниқ бажарди холос.
АНЖЕЛИНО 5:
Вазият унга қарши ишлади. Ўз даражасида ўйнай олгани йўқ.
ДИБАЛА 5.5:
Рим халоскорига айлана олмади. Вазиятни ўзгартиришга кучи етмади. 61-дақиқада ўрнини Элдор Шомуродовга бўшатиб берди.
ШОМУРОДОВ 6:
Майдонга тушиши билан “Атлетик” дарвозасига хавф солди. Элдорнинг зарбасини рақиб посбони қайтариб қолди. Жамоани жонлантирди. Бироқ унинг ҳаракатлари ҳам вазиятни ўнглашга камлик қилди.
БАЛЬДАНЦИ 6:
Учрашувга ижобий таъсир ўтказишга ҳаракат қилди. Лекин мақсадига етолмади. 61-дақиқада ўрнига Пизилли тушди.
ПИЗИЛЛИ 5.5:
Ўйинга қўшилиши билан Элдор Шомуродовни тезкор қарши ҳужумга чиқариб юборганини айтмаганда, ҳеч нарса қила олмади.
ДОВБИК 4,5:
Ўйиндан четда қолди.
СУЛЕ 5.5:
53-дақиқада Довбик ўрнига майдонга тушди. Дриблинглари “Атлетик” дарвозаси олдида хавфли вазият яратишга камлик қилди.
РАНЬЕРИ 5:
Ўйинга тузган режасини 11-дақиқадаёқ Матс Хуммельс чиппакка чиқарди. Тажрибали мураббий учрашув натижасини ўзгартирадиган тактика топа олмади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар