
Мадриднинг "Реал" клуби Хаби Алонсони янги мавсумда жамоага бош мураббий сифатида таклиф қилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалиши ортидан "Байер" раҳбарияти эҳтимолий ўзгаришларга тайёргарлик кўрмоқда. Инсайдер Николо Скиранинг маълум қилишича, Леверкузен клуби Хаби Алонсо ўрнига бир неча номзодларни кўриб чиқмоқда ва улар орасида Франсеск Фабрегас, Иманоль Альгуасиль ҳамда Эрик тен Ҳаг бор.
37 ёшли Фабрегас жорий мавсумда Италиянинг А Сериясида қатнашётган "Комо" жамоасини бошқариб келмоқда. У жамоа бошқарувини 2024 йилнинг ёзида қабул қилган бўлиб, айни пайтда унинг клуби А Серияда 34 ўйинда 11-ўринни эгаллаб турибди. Ушбу натижа янги кўтарилган жамоа учун ажойиб деб баҳоланмоқда.
Иккинчи номзод сифатида Испаниянинг "Реал Сосьедад" клубида 2018 йил декабридан бери фаолият кўрсатиб келаётган Иманоль Альгуасиль кўрсатилган. 53 ёшли тажрибали мутахассис мавсум якунида жамоасини тарк этиш нияти борлигини аввалроқ маълум қилган эди. Ҳозирда "Реал Сосьедад" Ла Лигада 33 та ўйинда иштирок этиб, турнир жадвалида 10-ўринда бормоқда.
Учинчи эҳтимолий номзод эса футбол мухлисларига яхши таниш бўлган Эрик тен Ҳагдир. 54 ёшли голландиялик мураббий ўтган йилнинг октябрь ойидан бери ишсиз юрибди. У охирги марта Англиянинг "Манчестер Юнайтед" жамоасини бошқарган эди, аммо муваффақиятсиз натижалар туфайли клуб раҳбарияти уни вазифасидан озод қилганди.
Маълум бўлишича, "Байер" раҳбарияти ушбу уч номзодни шорт-листга киритган ва жамоани кучли даражага олиб чиқиш учун уларнинг тажрибаси ва ўйин услубини ҳар томонлама таҳлил қилмоқда. Ҳозирча Хаби Алонсо "Реал" билан расмий келишувга эришмаган бўлса-да, леверкузенликлар ҳар қандай вазиятга тайёр туришни хоҳлашмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар