
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Европанинг энг кучли клубларидан бири “Манчестер Сити”да фаолият юритмоқда. Айнан шу сабабли, ўзбек футбол ишқибозлари ва спорт муҳлислари ушбу клуб атрофидаги ҳар бир янгилик ва воқеаларни диққат билан кузатиб боришяпти.
Кучли гранд клубларда ҳар бир футболчига муносиб ўринбосар қидириш, жамоанинг стратегик режаларини аниқлаш ва катта ўзгаришларга тайёргарлик кўриш одатий ҳолат. Катта мақсадларни кўзлаган “Манчестер Сити”да ҳам айнан шундай жараён кетмоқда. Хосеп Гвардиола бошчилигидаги жамоа Европа ва дунё футболида етакчиликни йўқотмаслик учун янги қадамлар ташламоқда. Гвардиоланинг амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар амал қилади, бироқ натижалар ёмонлашса, унинг клуб билан хайрлашиши анча эрта содир бўлиши мумкин.
Бу мавсумнинг бошиданоқ жамоада жиддий ўзгаришлар бошланди. Жамоа таркиби тўлиқ янгиланди, янги қўшилган футболчилар сафида Абдуқодир Ҳусановнинг келиши энг катта янгиликлардан бири бўлди. Ушбу трансфер “шаҳарликлар” учун стратегик аҳамиятга эга бўлди, чунки клуб ҳимоя чизиғида ишончли ва иқтидорли ўйинчига эҳтиёж сезарди.
Европанинг кўплаб футбол нашрлари таъкидлаганидек, клуб раҳбарияти ҳозирдан Гвардиоланинг ўрнига янги мутахассис номини ҳам танлаб қўйган. Яқин келажакда “Манчестер Сити”ни яна бир испаниялик устоз, “Комо” клубини бошқариб келаётган Сеск Фабрегас бошқариши мумкин. Жамоа раҳбарлари Фабрегаснинг лидерлик салоҳияти, футболчилар билан тил топишиш қобилияти ва мураккаб вазиятларда совуққонлик билан тўғри қарор қабул қилишини юксак баҳолаяпти. Англия Премьер-лигасида ўйнаган тажрибаси ва инглиз футболини яхши билиши туфайли Фабрегас янги лойиҳалар учун идеал номзод сифатида кўрилмоқда.
Эндиликда энг қизиқарли савол: янги устоз Абдуқодир Ҳусановга имконият берадими? Мутахассислар фикрича, ҳимоячи ўз салоҳияти ва ўйинлари билан раҳбарият ишончини оқлаяпти. Унинг шартномаси 2029 йилнинг ярмигача тузилган ва клуб келажакда ҳам уни асосий таркибда кўришни режалаштирмоқда.
Англия Премьер-лигаси “Манчестер Сити”га нисбатан қўйилган қоидаларни бузгани учун 1,08 миллион фунт миқдорида жарима тайинлади. Жамоа 2024–2025 йилги мавсумда учрашувларни ўз вақтида бошламагани ва баъзи ўйинларда кечикишлар кузатилгани сабабли жазоланди. Бу ҳолат чемпионатнинг регламент талабларига жиддий муносабатда бўлиш зарурлигини яна бир бор исботлади.
Жамоа сардорлари Кайл Уокер ва Кевин де Брюйне кетганидан сўнг, Гвардиола Бернарду Силвага сардорлик вазифасини топширди. Силва бир қатор бошқа вариантлар бўлишига қарамай, “Манчестер Сити”да қолишга қарор қилди ва янги мавсумда жамоани етаклашга тайёр эканини билдирди.
Яна бир муҳим янгилик: янги мавсум АПЛда “Манчестер Сити” сафарда “Вулверхэмптон”га қарши ўйин билан старт олади. Бу учрашувда Абдуқодир Ҳусановнинг имкониятлари яна бир бор синовдан ўтади.
Таъкидлаш керакки, ўтган мавсумда чемпионатнинг биринчи ярмида кутилган натижалар олинмаган эди. Бироқ қишки трансферлар даврида таркибга Ҳусанов, Умар Мармуш, Нико Гонсалес ва Витор Рейс қўшилиши билан жамоа сезиларли ўзгарди ва охир-оқибат, “Манчестер Сити” чемпионатни учинчи ўринда якунлаб, Европа Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар