
Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси (U-17) бош мураббийи Исломбек Исмоилов яқинда “Нефтчи” клуби тизимида расман фаолият бошлади. У энди клубнинг ёшлар таркибида, аниқроғи, U-21 жамоаси билан иш олиб боради.
Мазкур янгилик футбол жамоатчилигида қизиқиш уйғотди, шу боис мураббийнинг ўзи билан боғланиб, батафсил изоҳ сўрадик. Исмоилов фикрича, янги лавозим унинг U-17 терма жамоасидаги вазифаларига мутлақо тўсқинлик қилмайди.
– “Нефтчи” клубига Фарғона вилояти ҳокимининг шахсий таклифи билан келдим, – дейди мутахассис. – Иккинчи даврадан бошлаб U-21 жамоаси билан иш бошлайман. Бу қарорни қабул қилишимдан аввал терма жамоа билан боғлиқ масъулиятларимни инобатга олдим. Олдимизда Жаҳон чемпионати сингари муҳим мусобақа бор. Клуб раҳбарияти ҳам буни яхши тушуниб, менга эркинлик берди. Улар фаолиятимни қўллаб-қувватлади.
Унинг таъкидлашича, икки фронтда ишлаш орқали у ёшлар билан ишлашда янада катта тажриба орттирмоқчи ва икки томонлама ривож учун ҳаракат қилмоқда.
Маълумки, Исмоилов раҳбарлигидаги U-17 термаси сўнгги вақтларда жуда кўп мақтовларга сазовор бўлмоқда. Жамоа техник жиҳатдан ҳам, руҳий тайёргарлик нуқтаи назаридан ҳам кўзга ташланмоқда. Шундай экан, мураббийнинг параллел равишда клуб тизимида ишлаши унинг термадаги вазифаларига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли йўқлиги ишонч билан айтилмоқда.
Мухлислар эса ушбу тажрибали мураббийнинг “Нефтчи” каби анъанавий клубда фаолият юритишини ижобий баҳолашмоқда. Қолаверса, U-21 жамоасида ишлаш унинг термадаги ишларига ҳам маълум маънода фойда келтириши мумкин. Чунки ёшлар ўртасидаги истеъдодларни илгари суриш ва уларнинг салоҳиятини очиш мураббийнинг асосий вазифаларидан биридир. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар