
Бразилияда бўлиб ўтган навбатдаги ўртоқлик учрашуви футбол мухлислари кутмаган натижа билан якунланди. Унда Германия Бундеслигаси вице-чемпиони – “Байер Леверкузен” ҳамда “Фламенго”нинг ёшлар жамоаси (U-20) тўқнаш келди.
Мазкур беллашувда эътибор марказида нидерландиялик мураббий Эрик тен Хаг бўлди. Чунки у яқинда “Манчестер Юнайтед”дан кетгач, ёзда “Байер”нинг бош мураббийи этиб расман тайинланган эди. Шундай қилиб, мутахассиснинг янги клубдаги илк ўйини шиддатли, бироқ жуда оғир натижа билан бошланди.
Беллашув бошланиши биланоқ “Фламенго” ёшлари фаол ҳаракат қилишди ва 2-дақиқада Лорраннинг голи орқали ҳисобни очишди. Бу голдан кейин ҳам жамоа тўхтамади — 10-дақиқада Матеус Гонсалвес иккинчи голни урди. Унинг фаолияти шундан кейин ҳам самарали давом этди: 39-дақиқада у яна бир бор “Байер” дарвозасини ишғол қилди ва дублни расмийлаштирди.
Биринчи бўлимнинг қўшиб берилган дақиқаларида эса Педро Леао тўпни тўрга жойлаб, ҳисобни йирик 4:0 кўринишига келтирди. Бразилияликлар учун бу етарли бўлмади, иккинчи таймда ҳам улар ҳужумкор футболни давом эттиришди. 54-дақиқада Густаво ҳисобни 5:0 қилиб қўйди.
Эндиликда футбол мухлислари Тен Хагнинг жамоасидан жавоб ҳаракатларини кутар экан, 70-дақиқада Монтрелл Калбрет “Байер” шарафини тиклаш учун ягона голни киритди. Шу тариқа, ўйин 5:1 ҳисобида якунланди.
Фламенго U-20 – Байер Леверкузен 5:1
Голлар: Лорран (2), Гонсалвес (10, 39), Леао (45+4), Гусставо (54) – Калбрет (70)
Мазкур ўйин Тен Хаг учун ачинарли дебют сифатида қайд этилади. Кучли таркибга эга бўлган “Байер” ёшлар жамоасига қарши шунчаки ютқазмади, балки жиддий тарзда мағлуб бўлди. Мутахассис энди жамоани қайтадан руҳлантириб, янги мавсумга тайёрлаш учун муҳим қарорлар қабул қилишига тўғри келади.
Бу натижага қарамай, тенгсиз учрашувлар асосий мавсум олдидан жамоалар учун таҳлил қилиш, хатолар устида ишлаш ва ёш футболчилар имкониятларини баҳолаш имконини беради. Шу боис, "Байер" учун бу мағлубиятдан ҳам ўрнак олиш ва тўғри хулосалар чиқариш муҳим. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар