date

Осиё майдонида кутилган натижа бўлмади: икки клубимиз тақдири...

Осиё майдонида кутилган натижа бўлмади: икки клубимиз тақдири...

Жорий мавсумда Ўзбекистон номидан халқаро ареналарда икки жамоа — "Насаф" ва "Андижон" иштирок этиб, мамлакат шарафини ҳимоя қилди. Бироқ мавсум якуни кўплаб мухлислар кутганидек бўлмади.

Ўзбекистон чемпиони сифатида майдонга чиққан «аждарлар» Элит Осиё чемпионлар лигасида қатнашди. «Андижон» эса нуфузи жиҳатидан қитъада иккинчи даражада турадиган Осиё чемпионлар лигаси–2 мусобақасида иштирок этди. Икки жамоа ҳам жуда кучли рақиблар тўпланган гуруҳларга тушиб қолди ва бу ҳолат натижаларга бевосита таъсир кўрсатди.

Қаршиликлар «Ал-Аҳли», «Ал-Ҳилол», «Шабаб Ал-Аҳли», «Ал-Ваҳда», «Трактор» ҳамда «Ал-Иттиҳод» каби Осиёнинг энг бақувват клубларига қарши беллашувларда куч синашди. Афсуски, ушбу учрашувларнинг барчасида мағлубиятга учраб, плей-офф босқичи учун курашиш имкониятини йўқотди. Натижада «Насаф» Ўзбекистон чемпионлари орасида ОЧЛда энг паст кўрсаткич қайд этиб, нохуш антирекорд муаллифига айланди.

Статистика ҳам жамоа учун қийин кечган мавсумни яққол кўрсатиб турибди: рақиблар билан ўтказилган баҳсларда жамоа ўз дарвозасидан 15 та тўп ўтказиб юборди, жавобан эса атиги 5 та гол ура олди. Олдинда «Ал-Шорта» ва «Шаржа»га қарши учрашувлар бор, бироқ ҳатто бу ўйинларда максимал очко жамғарилган тақдирда ҳам гуруҳдан чиқиш имкони қолмаган.

«Андижон» эса «B» гуруҳида Қатарнинг «Ал-Аҳли», Туркманистоннинг «Аркадағ» ва Баҳрайннинг «Ал-Халдия» жамоалари билан рақобат қилди. Жамоа мағлубиятлардан кўра дурангларга кўпроқ йўл қўйди: 6 турнинг 5 таси дуранг билан якунланди, фақат бир ўйинда мағлубият қайд этилди. 5 очко жамғарган «Андижон» гуруҳни сўнгги — тўртинчи ўринда якунлади. Гуруҳдан чиқиш бахти эса «Ал-Аҳли» ва «Аркадағ» жамоаларига насиб этди.

Хулоса қилиб айтганда, икки клубимиз ҳозирча 5 очко жамғарди. Бу кўрсаткич «Насаф»нинг қолган ўйинларда очко олишига қараб бироз ўзгариши мумкин, аммо умумий манзара аллақачон маълум.

Энди эса эътибор келаси мавсумга қаратилмоқда. Келгуси йил халқаро майдонларда Ўзбекистон номидан «Нефтчи» ва «Пахтакор» жамоалари иштирок этади. Мухлислар умиди эса битта: қитъа ареналарида янада ишончли ва муносиб натижалар.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Осиё майдонида кутилган натижа бўлмади: икки клубимиз тақдири...