Халқаро турнир: Абдусатторов ғалаба қозонди, Синдоров ҳам юқорилади...

Masters гуруҳининг тўртинчи тури яна бир бор ўзбек мухлисларига кайфият улашди. Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда Чехия вакили Нгуен Таи Даи Ванга қарши баҳсда ишончли ўйин кўрсатиб, муҳим ғалабани қўлга киритди. Ана шу натижа орқали у 3 очко жамғарди ва қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига кўра турнир жадвалида биринчи поғонага кўтарилди.
Абдусатторов мусобақани ҳам осон бошлагани йўқ. Биринчи турда у туркиялик Яғиз Каан Эрдоғмус билан муросали натижа қайд этди. Иккинчи турда эса ҳиндистонлик Прагнанандҳа Рамешбабуни мағлуб этиб, ўзини фаворитлар қаторида эканини кўрсатди. Учинчи турда Аравиндҳ Читамбарамга қарши баҳсда дуранг натижа қайд этган Нодирбек тўртинчи турда яна ютиш йўлини топди ва лидерликни ўз қўлига олди.
Бу турда Жавоҳир Синдоров ҳам четда қолмади. Жаҳон кубоги ғолиби қора доналарда германиялик Маттҳиас Блуебаум устидан зафар қучиб, ўз ҳисобини 2,5 очкога етказди. Натижада у ҳам жадвалда иккинчи ўринга кўтарилди.

Синдоровнинг аввалги турлардаги ўйинлари ҳам қаттиқ характер кўрсатганини исботлайди: у амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу, Аниш Гири ҳамда Владимир Федосеевга қарши беллашувларни дуранг билан якунлаган эди. Энди эса биринчи ғалаба унинг мусобақадаги “югуриш”ини янада тезлаштирди.
Энди барча нигоҳ бешинчи турга қаратилган. Унда Нодирбек Абдусатторов АҚШ вакили Ҳанс Ниеманн билан тўқнаш келади. Жавоҳир Синдоров эса яна бир принципиал беллашувда — туркиялик Яғиз Каан Эрдоғмусга қарши доска олдига ўтиради.

Қисқаси, турнир қизий бошлади: Абдусатторов етакчиликда, Синдоров унга яқин. Энди мухлисларга фақат битта нарса қолди — кейинги турда ҳам шу темп сақланса, жадвалда ўзбекча “иккиёқлама қуёш” яна узоқ порлайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!