Александр Хомяков «Навбаҳор» билан ўйиндан сўнг ўз фикрларини билдирди

Суперлиганинг 2-тури доирасида «Навбаҳор» – «Бухоро» (0:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Александр Хомяков иштирок этди.
«Бизга осон бўлмаслиги, қийин бўлиши тушунарли эди. Ўйин бизнинг сценарий остида ўтгани йўқ. Кўп ишларимиз ўхшамади, шошилдик, тезроқ ўйнашни истадик. Умуман олганда, айрим вазиятларда ҳужумда биз ҳеч нима қила олмадик. Кўп вақтимизни ҳимояда ўтказдик. Ҳимоядан чиқиб, тезкор қарши ҳужумлар уюштира олмадик. Рақиб бизга яхшигина босим ўтказди. Асосан ҳимояда ўйнаганимиз учун йигитларга раҳмат айтаман. Улар сабр қилишди, кутишди, совуққонлик намойиш қилишди ва гол уришга муваффақ бўлдик. Муҳими ғалабага эришдик. Ҳозир муҳими очколарга эга чиқиш. Бизнинг қиладиган ишларимиз кўп. Ҳали жамоани шакллантириш керак, муаммолар етарлича. Бунинг устида ишлаш керак. Яна бир бор йигитларга раҳмат айтаман. Ғалабадан жуда хурсандман.
- Сиз Тимур Кападзе учун ноқулай рақиб ҳисобланасиз.
- Билмадим. Бундай маълумотларни кузатиб бормайман. Тўғриси, бу мен учун янгилик бўлди. Барча ўйинларга доимгидек кайфиятда бўлиш керак. Кучли томонларни кўрсатиб, ожиз томонларимизни яширишга ҳаракат қиламиз. Бугун омад биз томонда бўлди. Айрим вазиятларда дарвозабонимиз жонимизга оро кирди. Буни яна бир бор айтаман. Йигитлар – баракалла.
- Икки ғалабага жамоанинг баҳорги футболи сабаб десак бўладими? Вақт ўтиб муаммолар секин-секин кўринишни бошлайди.
- Фикрингизга қўшиламан. Баҳорги футбол десак ҳам бўлади. Бизда жамоа янги. Таркибни йиғишда муаммолар бўлди. Ўтган йили биз лигада жон сақлаб қолиш учун курашгандик. Шу сабабли куч тўплаб, футболчи йиғишга ҳаракат қилдик. Ҳали ҳам хавотир бор. Бошқа томондан олиб қарасак, йигитлар бир-бирини яхши тушунмоқда. Хавф бор, муаммолар йўқ эмас. ФИФА кунларида ҳали трансфер ойнаси бор. Ўшанда жамоани навбатдаги босқичга тайёрлаймиз.
- Собиқ дарвозабон сифатида Умиджон Ҳамроевнинг ўйинига қандай баҳо бера оласиз?
- Шубҳасиз, унинг ўйинидан мамнунман. Лекин бирор футболчини ажратиб кўрсатишни истамаган бўлардим. Чунки футбол — жамоавий ўйин ва бунда бир киши жангчи бўла олмайди. Дарвозабонимиз барқарор ўйнаб, жамоани қутқаряпти. Бу ёқимли ҳолат. Унинг ўйинидан мамнунман.
- «Бухоро» ва бошқа икки жамоа атрофида бўлаётган майдондан ташқаридаги гап-сўзлар фонида футболчилар ғалаба қозонмоқда ва биргаликда чиройли нишонламоқда. Бу орқали жамоада катта оилавий муҳит ҳукмрон сураётганини кўришимиз мумкин. Умуман олганда ўша гаплар жамоага қанчалик таъсир қиляпти?
- Барчасини тўғри тушуниб турибман. Футболчилар билан бу ҳолатни гаплашиб олганмиз. Ташқи гапларга эътибор қилмасдан биз ўз ишимизни қилишимиз керак, деган хулосага келганмиз. Бу ҳолат тез орада ижобий тарзда бартараф қилиниши керак. Шу сабабли яна бир бор айтаман — йигитлар профессионал, улар барчасини тўғри тушунади. Ҳаётда барчаси бўлиши мумкин, улар бу ҳолатни хотиржам қабул қилишди. Шу орқали коллектив яхшиланмоқда, биз ўйиндан-ўйинга ўзимизга бўлган ишончни орттириб, ўртадаги илиқ оилавий муносабатларни яхшилаб боряпмиз. Шу сабабли айтаман, ҳозирча бу савол бизни унчалик қийнамаяпти», — деди Хомяков дея унинг сўзларидан келтиради «Бухоро» клуби матбуот хизмати.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!